Light | 21:10 / 28.01.2018
28233
9 дақиқада ўқилади

Билл Гейтснинг 1999 йилги тахминлари ҳаётда тасдиғини топдими?

Фото: usatoday.com

1999 йилда Билл Гейтс "Фикр тезлигидаги бизнес" (Business @ the Speed of Thought) номли китобини ёзган. Унда ишбилармон 15 дадил прогноз қилган, бу тахминлар ўша пайтлар мислсиз фантазиядек туюлган. Бироқ вақт уларнинг ҳақиқат бўлиб чиққанини кўрсатди. BusinessInsider шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

1. Нархларни таққослаш сервислари

Carlos Barria/Reuters

Гейтснинг прогнози: "Нархларни таққословчи автоматлаштирилган сервислар ишлаб чиқилади, улар одамларга у ёки бу товарнинг бирйўла бир неча сайтдаги нархини кўриш имконини беради ва шу тариқа минимал нарх қидирувини енгиллаштиради".

Реал ҳаётда: Керакли маҳсулот қидирувга берилганда Google ёки Amazon турли нархларни кўрсатиши мумкин. PriceGrabber ёки Bing Shopping каби махсус сайтлар нархлардаги фарқларни намойиш этиб, уларни тушунишга ёрдам беради.

2. Мобил қурилмалар

Гейтснинг прогнози: "Келажакда одамларга доим алоқада бўлиш ва қаерда бўлса ҳам, ишлар билан шуғулланиш имконини берувчи кичик мобил қурилмалар пайдо бўлади. Улар янгиликларни кўздан кечириши, авиачипталарни излаши, биржа савдоларида қатнашиши мумкин бўлади".

Реал ҳаётда: Смартфонлар, смарт-соатлар, кўп функцияли колонкалар ва виртуал реаллик кўзойнаклари истаган вақт ҳар қандай маълумотни топиш имконини бермоқда.

3. Онлайн тиббий хизматлар ва тезкор тўловлар

Гейтснинг прогнози: "Одамлар интернет орқали тўловларни амалга ошириб, бюджетни бошқаришлари ва шифокорлар билан мулоқот қилишлари мумкин бўлади".

Реал ҳаётда: Соғлиқни сақлаш тизимига технологиялар нисбатан секин кириб бораётганига қарамай, муайян ўзгаришлар рўй бермоқда - секин-асталик билан, лекин тўғри йўналишда. Беморларга шифокорларни топиб берувчи ва ўз ташрифини режалаштириш имконини берувчи сайтлар пайдо бўлмоқда. Тезкор тўловларга келсак, бу ерда PayPal ва шунга ўхшаш тизимлар етакчилик қилмоқда.

4. Персонал ассистентлар ва "интернет-буюмлар"

George Frey/Getty Images

Гейтснинг прогнози: "Барча уй ва офис жиҳозларига улана олувчи ҳамда уларда сақланувчи маълумотларни синхронловчи ва алмашувчи персонал ассистентлар ихтиро қилинади. Қурилмалар сизнинг почтангизни текширади, керакли маълумотни излайди ва янгиланишлар ҳақида огоҳлантиради. Дўконга чиқаётиб, ёрдамчига кулинар режаларингиз ҳақида хабар қилишингиз мумкин - шунда унинг ўзи керакли ингридиентлар рўйхатини тузиб чиқади. Ассистент замондан орқада қолмай, қурилмаларни сизнинг харидларингиз ва тақвимингиздан хабардор қилади".

Реал ҳаётда: Google Assistant ва Amazon Alexa виртуал овозли ёрдамчилари Гейтснинг ҳақ экани исботига айланди — керакли маълумотни топиш учун овоз чиқариб савол беришнинг ўзи кифоя. "Ақлли" қурилмалар эса сизга тегишли маълумотларни тўплайди ва уйингиздаги ҳароратни назорат қилади.

5. Уйни назорат қилиш тизимлари

Nest

Гейтснинг прогнози: "Назорат тизимлари" оддий ҳолатга айланади. Камералар сиз уйда йўқлигингизда кимлар келганини кўрсатадиган бўлади".

Реал ҳаётда: Бу прогноз айни нишонга бориб урилган. Жуда кўп компаниялар — Canary, Ring, Netgear, Nest — телефон экранидан вазиятни кузатиш имконини беради ва сизни уйингизга бирор кимса яқинлашаётгани ҳақида хабар беради.

6. Ижтимоий тармоқлар

Гейтснинг прогнози: "Тор доирадаги дўстлар ва қариндошлар учун ёпиқ сайтлар пайдо бўлади, у ерда бир-бирига ҳамфикр инсонлар хотиржам мулоқот қилиши ва биргаликдаги тадбирларни режалаштириши мумкин".

Реал ҳаётда: Оилавий сайтлар машҳур бўлмади, бироқ уларнинг ўрнига Facebook, WhatsApp, Instagram, Snapchat, Line, Slack  каби ижтимоий сервислар пайдо бўлди, улар ёрдамида алоҳида гуруҳларда мулоқотни қўллаб-қувватлаш мумкин.

7. Индивидуал реклама таклифлари

more

Гейтснинг прогнози: "Сизнинг банд қилиш тизимингизни кузатиш имконини берувчи дастурий таъминот пайдо бўлади ва шу маълумот асосида танланган мақсадли пунктда сизга турли кўнгилочар машғулотлар таклиф қилади. Реклама айнан сизнинг эҳтиёж ва қизиқишларингиз асосига қурилади — чегирмалар, акциялар ва турли тадбирларни таклиф қилади".

Реал ҳаётда: Саёҳатларни ташкиллаштирувчи сайтлар ҳақиқатда аввалги харидлар асосида муайян жойларга саёҳат қилишни таклиф қилади. Google ва Facebook сизнинг жойлашувингиз ва қизиқишларингизга қараб вақтни қандай ўтказиш мумкинлигига ишора қилади. Airbnb эса бевосита маҳаллий аҳолидан турар-жой ижарага олиш ва оддий сайёҳдан кўра кўпроқ меҳмондек ҳис қилиш имкнини беради.

8. Реал вақт режимида спорт ҳодисаларини муҳокама қилиш

Jason Miller / Stringer / Getty Images

Гейтснинг прогнозлари: "Телевидениедаги мусобақаларни кўриш вақтида экранда нима бўлаётганини муҳокама қилиш ва ғалабага ставка қилиш мумкин бўлади".

Реал ҳаётда: Энди ижтимоий тармоқлардаги аксарият сайтлар шундай функцияга эга, Twitter бу борада етакчи ҳисобланади — у ҳатто оқимли узатишда ҳам тажриба қилган. Баъзи спорт сайтларида эса реал вақт режимида изоҳлар қолдиришингиз мумкин бўлади.

9. "Ақлли" реклама

Гейтснинг прогнози: "Қурилмаларнинг дастурий таъминоти сизнинг харидларга доир сўровларингизни таний олади ва ана шу сўровлар асосида сизнинг дидингизга мос реклама эълонларини тақдим этади".

Реал ҳаётда: Шунчаки Facebook ёки Google'даги эълонларни кўздан кечиринг — аксарият реклама онлайн-сервислари кликлар, қизиқишлар ва харидлар тарихини таҳлил қилади.

10. Жонли эфирдаги сайтларга ҳаволалар

Apple

Гейтснинг прогнози: "Телетрансляция сиз кўраётган нарсаларни тўлдирувчи тегишли веб-сайтлар ва контентларга ҳаволаларни ўз ичига олган бўлади".

Реал ҳаётда: Деярли ҳар бир тижорий канал фойдаланувчига керакли саҳифага ўтиш, бизнес янгиликларини кузатиш ёки QR-кодларни сканерлаш  имконини беради.

11. Интернет-форумлар

Biancoshock

Гейтснинг прогнози: "Турли шаҳар ва мамлакатлар аҳолиси тармоқ орқали ўзларини қизиқтирган мавзуларни муҳокама қилишлари мумкин, у хоҳ маҳаллий сиёсат, хоҳ шаҳарсозлик ёки хавфсизлик бўлсин".

Реал ҳаёт: Хорижнинг қатор янгиликлар сайтларида онлайн режимда телетомошабинлар билан ўзаро алоқага киришувчи изоҳлар учун махсус жойлар бор. Шунингдек одамлар маслаҳат сўраши ёки ўз фикрини баён қилиши мумкин бўлган форумлар бор.

12. Фойдаланувчиларни қизиқишлари бўйича тақсимлаш

Гейтснинг прогнози: "Интернет-мулоқот жойлашувга эмас, умумий қизиқишларга таянади".

Реал ҳаётда: Янгиликлар сайтлари ва онлайн-жамиятларнинг барча турлари алоҳида мавзуларга йўналтирилган бўлади. Кўплар у ёки бу мавзуларни чуқур муҳокама қилишга шароитлар яратишади. 

13. Лойиҳаларни бошқарувчи дастурий таъминот

Гейтснинг прогнози: "Интернетда раҳбарлар жамоа тўплаши, лойиҳаларни муҳокама қилиши ва ходимлар ҳақидаги фикрларни ўқиши мумкин бўлади".

Реал ҳаётда: Slack, Asana ва Trello каби кўплаб корпоратив дастурлар ишга ёллаш ва ишни тақсимлаш усулларини тўлиқ ўзгартиришди. Fiverr ва Gigster каби компаниялар эса компанияларга муайян лойиҳа учун истеъдодли ижодкор инсонни топишга ёрдам беради.

14. Онлайн-рекрутинг

REUTERS/Mike Segar

Гейтснинг прогнози: "Иш қидираётган одамлар буни интернетда амалга оширади — у ерда улар ўз талаблари ва асосий кўникмалари ҳақида сўзлаб бера олишади".

Реал ҳаётда: LinkedIn каби сайтлар фойдаланувчиларга резюме юклаш ва ўз қизиқишлари ҳамда эҳтиёжлари асосида иш излаш имконини беради. Кадрлар бўлими ходимлари эса ўз компаниясига керакли кўникмаларга эга ходимларни излашлари мумкин.

15. Фриланс биржалари

Courtesy of Apple/Paul Sakuma

Гейтснинг прогнози: "Компаниялар фаолият доирасидан қатъи назар, ўз лойиҳаларининг штатдан ташқари ижрочиларини танлашлари мумкин. Аутсорингни нотипик ишга бермоқчи бўлган фирмалар бундан фойдаланади, янги мижозларни излайди ёхуд у ёки бу соҳада штат профессионалларига эга бўлмайди".

Реал ҳаётда: Иш излаш учун кўплаб сайтлар, шу билан бирга, Upwork, Craigslist ва Fiverr каби фрилансер сайтлари мавжуд, улар кичик бизнес корхоналарига - мижоз излаш, мутахассисларга эса - масофадан ишлаш имконини беради.

Мавзуга оид