Жаҳон | 22:50 / 28.01.2018
5178
1 дақиқада ўқилади

Бразилиядаги клубда отишма оқибатида 18 киши ҳалок бўлди

Фото: AFP 2018 / Rodrigo Carvalho

Бразилиянинг Форталеза шаҳридаги клублардан бирида содир этилган отишма оқибатида 18 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Todo Noticias телеканали хабар бермоқда.   

Аввалроқ 10 киши ҳалок бўлгани, 6 киши яралангани маълум қилинган.

Воқеа 27 январь эрталаб шаҳарнинг камбағал туманида юз берган. Қуролланган шахслар клубга 3 та машинада келишиб, унинг ички ҳовлисида бетартиб отишма содир этишган. Уларнинг сони номаълум. “Баъзиларнинг айтишича, бирдан ўнлаб одамлар пайдо бўлган. Бошқаларнинг айтишича, қуролланган жиноятчилар умумий ҳисобда 15 киши бўлган”, дейилган хабарда.  

Таъкидланишича, ҳужумга гиёҳванд моддалар билан боғлиқ зиддиятлар сабаб бўлиши мумкин. Полиция маълумотларига кўра, ҳужум қурбонларининг кўпчилигини аёллар ташкил этган. 

Полиция вакили Андре Костанинг айтишича, ҳужум “яхши ташкиллаштирилган ва режалаштирилган бўлган”. Унинг таъкидлашича, босқинчилар “Guardianes del Estado” гуруҳи аъзолари бўлиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид