Жамият | 21:20 / 28.01.2018
12751
2 дақиқада ўқилади

Миллий мақом санъати ривожланади

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Шаҳрисабз шаҳрида бўлди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуаси олдида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани учун саҳна ва майдон, Мақом маркази ва музейини барпо этиш лойиҳалари билан танишди.

Шавкат Мирзиёев мақом фестивалини сайил тарзида, маданият байрами сифатида ўтказиш зарурлигини таъкидлади. 

Давлат раҳбари мамлакат мақом санъати усталари билан учрашди. Улар билан мақом санъати истиқболлари, халқаро мақом санъати анжуманини юксак савияда ўтказиш  борасида суҳбатлашди.

«Машҳур санъаткоримиз Юнус Ражабийдан кейин, афсуски, ҳеч ким мақом санъатини ривожлантириш билан жиддий шуғулланмади. Мақом санъати усталари жуда кам қолган. Уларни қўллаб-қувватлашимиз керак», деган давлат раҳбари.

Президент 2017 йил август ойида Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташрифи чоғида қатор масалалар қаторида Шаҳрисабз шаҳрида мақом кечаларини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Айни вақтда миллий ўзликни англаш, маданиятни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини юксалтиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада давлат раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўрисида»ги қарори қабул қилиниб, ижросига киришилди.

Мазкур қарорга кўра, 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш режалаштирилган.

UzA Qarshiyev Aziz
Тайёрлаган UzA Qarshiyev Aziz
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид