Аёл қуюшқондан чиққанда...
Халқимизда шундай нақл бор: “Сафарга чиқишдан олдин шерикнинг яхшисини, уй олишдан аввал эса қўшнининг афзалини танла”. Бу айни топиб айтилган ҳикмат. Қўшнинг тинч бўлса, сен ҳам тинч бўласан. Агар қўшнинг нотинч бўлса, бунинг таъсири сени ҳам четлаб ўтмайди, деб ёзмоқда “Постда” газетаси.
Соат 22:30лар атрофида. Кўп қаватли хонадонларда яшовчиларнинг аксарияти бу вақт тунги уйқуда. Пойтахтдаги шундай хонадонларнинг бирида истиқомат қилувчи Дилдора (исм-шарифлар ўзгартирилди) икки фарзандини ухлатиб, ётоқхонасига йўл олди. Ёз ойи, ҳаво иссиқ, шу сабаб бўлди, шекилли, анчагача ухлай олмади. Шу пайт ташқаридан аёлларнинг кулгани эшитилди. Бу қўшнилари билан муносабати яхши бўлмаган Дилдоранинг ғашини келтира бошлади. Кулги ҳадеганда тинавермагач, у деразадан пастдаги аёлларга қараб “жим бўласизларми-йўқми?!” дея бақирди. Улар орасида Хадича ҳам борлигини кўриб баттар жиғибийрон бўлди.
Дилдора Хадича билан сира келиша олмагани сабабли уни кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ эди. Улар бир-икки бор жанжаллашган, ўртадаги можаро ҳатто судгача етиб борганди. Ўшанда Дилдора қўшни аёлдан узр сўрашга мажбур бўлган, шундан сўнг уларнинг иши ярашув билан якунланган эди. Шу сабабли қандай қилиб бўлса ҳам аламини олишга ҳаракат қилиб юрган Дилдора учун бу айни муддао бўлди.
Пастда хуш-хандон гаплашиб турган қўшнилар Дилдоранинг бақирганига эътибор беришмади.
- Овоз Дилдоранинг уйидан келяптими? Яна болаларини уришаётгандир-да. Қачон қарама, аҳвол шу. Қўшниларига ҳам тинчлик бермайди. Ҳали уни билан тортишган, ҳали буниси билан.
- Ҳа, тўғри айтасиз, Хадича. Бундайлар билан тортишиб ўтирмаган маъқул. Ҳозир пастга тушиб бир балони бошлаб ўтирмасин яна, юринг, уйга кира қолайлик, - дея қўшни аёллар ўрниларидан туришган ҳам эдики, йўлакда Дилдора кўринди. Қўлида уяли телефон.
- Нима қиляпсан? Ол телефонингни! Мен сенга гапиряпман! – Хадича шундай деди-ю, уларни видеотасвирга олаётган Дилдорани четга итарди. Шунда Дилдора Хадичанинг қўлини қайириб, юзи ва елкаларини тирнаб ташлади. Бу ҳам сенга кам дегандек, унинг оёғига бор кучи билан тепди. Қўшни аёл уларни ажратишга ҳаракат қилиб, Дилдоранинг қўлидан ушлаб тортган эди, у Хадичани итариб юборди ва уйига кириб кетди.
- Хадича тузукмисиз? Жароҳатланмадингизми? Юринг, уйингизга олиб кириб қўямиз. Бундан ҳар нарсани кутиш мумкин.
Шундан сўнг ҳамма уйига кириб кетди. Аламидан чиқа олмаган Дилдоранинг эса фиғони фалакка ўрлади. Қандай қилиб бўлмасин, ўч олгиси келди. Ўйлай-ўйлай қўлига болта олиб пастга тушди. Уй олдида ҳеч ким йўқ эди. Бундан унумли фойдаланмоқчи бўлган Дилдора Хадичанинг машинаси томон йўл олди.
- Ана энди кўрасан! Бошқа мен билан ўчакишмайдиган бўласан! Мана сенга! Мана сенга! – деб машинанинг олд ойнасига болта билан ура бошлади. Бир неча бор урилган зарбдан сўнг машина ойнаси чил-парчин бўлиб тўкилди. Дилдора бу билан тинчланмади. Яна бошқа бир қўшнига тегишли автомашинанинг олд ойнасини ҳам болта билан уриб синдирди.
Уйига кирганига кўп бўлмай кўчада ниманингдир чил-чил синган овозини эшитган Хадича деразадан ташқарига қаради. Шунда у Дилдоранинг болта кўтариб кетаётганини кўриб, югуриб кўчага чиқди. Аҳволни кўргач, туман ИИБ ходимларига хабар берди. Юз берган воқеа юзасидан ходимлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, Дилдора Қосимовага нисбатан тегишли жазо чораси белгиланди.
Мавзуга оид
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
17:26 / 08.11.2024