Ўзбекистон | 11:25 / 29.01.2018
4579
3 дақиқада ўқилади

Афғонлар мамлакатларидаги тинчлик бўйича фақатгина ўзлари келиша оладилар – Покистон бош вазири   

Фото: newsone.tv

Фақатгина афғонларнинг ўзлари мамлакатларида тинчлик ўрнатилиши бўйича келиша оладилар, Покистон ва АҚШ эса уларга бунда кўмак бериши керак. Бундай фикрни Покистон бош вазири Шоҳид Аббосий The Washington Post нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Уруш Афғонистондаги муаммоларнинг ечими эмас. Афғонларнинг ўзлари музокаралар столи атрофига ўтириб, ўз муаммоларини ҳал қилишлари керак. Уларнинг ўзлари мамлакатларига тинчликни олиб келишлари даркор. Покистон ва АҚШ бунда ёрдам бериши керак”, деб айтган Аббосий. 

Аббосийнинг айтишича, “ҳозирда толиблар Афғонистонда Покистон билан чегарадош барча ҳудудларни назорат қилмоқдалар”. “Менга маълум бўлишича, улар ҳозирда Афғонистоннинг 38 фоиз ҳудудини назорат қилмоқдалар. Афғонистон ҳукумати ва қуролли кучлари заифдир”, деди Аббосий.  

“Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 2 минг км ни ташкил қилади ва ундан 700 кмида бирорта афғон аскари ёки пости йўқ. Бу орада Афғонистондан Покистонга гиёҳванд моддалар контрабандаси биз охирги 50 йил ичида кўрмаган ҳажмларга етган. Биз ҳозир чегарамизда тўсиқлар ўрнатмоқдамиз. Бунга миллиардлаб долларлар сарфламоқдамиз”, деб қўшимча қилди Покистон бош вазири. 

Унинг айтишича, Исломобод “мамлакатга гиёҳванд моддалар, террорчилар кирмаслиги учун шундай қилмоқда”. “Чегарадаги вазият мураккаб: уни ҳар куни ҳужжати бўлмаган 60-70 минг киши кесиб ўтади”, деб айтди Аббосий.

Бош вазир Пентагон томондан Афғонистонда ўтказилаётган ҳарбий операцияга баҳо бермади, бироқ “Афғонистон АҚШ учун навбатдаги Вьетнамга айланиши мумкинми?” (1964-1973 йиллардаги Вьетнам уруши назарда тутилган) деган саволга “Ҳа, агар сиз (АҚШ) бу операцияни давом эттирсангиз”, деб жавоб қайтарган. 


Ҳозирда Афғонистонда 15 минг америкалик аскар жойлаштирилган. АҚШ у ерда 2001 йил октябридан бери уруш олиб бормоқда. Пентагоннинг ҳисоб-китобларига кўра, бу мақсадлар учун 680 млрд доллар сарфланган. Бу вақт ичида Афғонистонда 2,35 минг америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, 20 мингдан кўпроғи жароҳат олган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид