Ўзбекистон | 07:40 / 30.01.2018
8580
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Фото: trend.az

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Учрашув Тошкентда “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” автомобиль йўлагини шакллантириш ҳамда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида бўлиб ўтди.               

Томонлар халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳолати ҳақидаги ахборот билан бўлишишди. Улар, шунингдек, бу соҳада имзоланган келишувларнинг амалга оширилиши қандай бораётганини муҳокама қилишди, 2018 йил учун юкларни ташишга рухсат бланкалари билан алмашишга дастлабки квоталар бўйича келишиб олишди ва давлатлар ҳудудлари бўйича халқаро автомобиль ташувларини амалга ошириш билан боғлиқ амалий масалаларни кўриб чиқишди.     

Уч томонлама учрашув давомида “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” автомобиль йўлаги ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш ҳамда томонлар давлатлари ўртасида юк ташиш ва улар ҳудудлари орқали транзит муддатларини сезиларли қисқартириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгалиги қайд қилинди.

Томонлар 2017 йилнинг 30 октябридан 3 ноябригача “Тошкент – Андижон – Ўш – Иркаштом – Қашғар” йўналиши бўйича халқаро автопойганинг муваффақиятли ўтказилганини қутлашди. Бу тадбирда ҳар бир томондан 3 та дан, жами 9 та юк машинаси иштирок этиб, улар бу йўналиш бўйича мунтазам юк ташишларни ташкиллаштиришнинг иқтисодий томондан самарадор эканлигини тасдиқлашди.  

Мавзуга оид