Ўзбекистон | 18:15 / 30.01.2018
27795
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги Қонун имзоланди.

Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги каналида хабар берилишича, қонун Ўзбекистон Республикасининг 7 та қонун ҳужжатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи 11 та моддадан иборат. 

Маъмурий ишлар бўйича Олий суднинг судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Иқтисодий процессуал кодекси қабул қилиниши муносабати билан “Банкротлик тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий  базаси тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиш тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Уларда “хўжалик” деган сўзни “иқтисодий” деган сўз билан алмаштириш назарда тутилган.

Бундан ташқари, Қонун билан 1997 йилдан бери амалда бўлган Хўжалик процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, шунингдек уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритган барча қонунлар ўз кучини йўқотган деб топилмоқда.

Мазкур Қонун 2018 йил 1 апрелдан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 22 январда Фуқаролик процессуал кодекси ва 24 январда Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги қонунлар имзоланган бўлиб, мазкур Кодекслар ҳам 2018 йил 1 апрелдан кучга киради.

Мавзуга оид