Light | 21:43 / 31.01.2018
67721
5 дақиқада ўқилади

Бермуд учбурчагидан-да қўрқинчли: Ер юзидаги сирли масканлар

Кўп кемалар ва одамлар ғойиб бўлган Бермуд учбурчаги ҳозирга келиб дунёдаги энг сирли ва хавфли жойи ҳисобланмай қўйган. Маълум бўлишича, ер юзида ундан-да жиддий хавф солувчи ҳудудлар талайгина. Бу ерларда ҳам йирик объектлар ғойиб бўлади, ғалати ҳодисалар кузатилади ва тушунарсиз электромагнит тўлқинлар қайд этилади. Бироқ асосийси бу эмас, асосийси - илм-фан ва юқори технологияларнинг бугунги кундаги ривожига қарамай, бу масканлардаги жумбоқларни ечишнинг уддасидан чиқилмаганида. Don'tPanic шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Суртсей ороли

Геологик кузатувларга кўра, ороллар минглаб йиллар давомида шаклланади. Бироқ бу аслида орол эмас. 1963 йилгача Суртсейдан дарак ҳам бўлмаган, бироқ вулқон фаоллиги кузатилгандан бир неча кун ўтиб пайдо бўлган ва қисқа муддатларда фантастик тезликда кенгайган. 4 йилдан сўнг вулқон фаоллиги тўхтаб, олимлар кўринишидан мутлақо оддий "қуруқлик бўлаги"ни кўришга муваффақ бўлишган. Асосий жумбоқ бу орол қандай ва нимадан пайдо бўлганида.

Қонли шаршара

Агар бир тоғга тенг одамларни териб қўйиб, кунига юзлаб одамлар қатл қилинса, қонли шаршара ҳосил бўлиши мумкин. Бироқ худди шундай тасаввур уйғотувчи, Антарктидадан топилган шаршара бошқа йўл билан юзага келган. Ушбу материкда фақат олимлар ва пингвинлар яшар экан, қонли шаршараларнинг келиб чиқишини аниқлаш қийин бўлмади. Манба тубида темирга бой кўл аниқланган. Ундаги сув 400 метр чуқурликда яшаган ва 2 миллион йил давомида темир ҳамда олтингугурт билан озиқланган сирли микроорганизмлардан ранг олган.

Сан-Луис водийси

Тасаввур қилиб кўринг-а, қўшнингиз уйи ёнида НУЖдан ҳимояланиш учун хавфсизлик минорасини қурдирган. Ер юзининг биргина жойида бундай қўшни ақлдан озган ҳисобланмайди, чунки у ерда НУЖ дастидан тинчлик йўқ. Бу Колорадодаги Сан-Луис водийсидир. 16 йилда хавфсизлик минораси ёрдамида 50 тача номаълум учар жисм аниқланган. Бу жойдаги яна бир тушунарсиз ҳолат – жониворларнинг ваҳшийларча ўлдирилган жасадлари кўплигида.

Аокигахара

Фудзи тоғи этагидаги бу жойнинг бошқача номи – ўз жонига қасд қилувчилар ўрмони. 10 йилча аввал у ердан бир йил давомида 105 кишининг жасади топилган. Бу жумбоқ ҳануз ўз ечимини топгани йўқ. Бир томондан, барчасига Kuroi Jukai китобини айбдор қилиш мумкин, унда бу ўрмон ҳаётдан кўз юмиш учун мукаммал жой сифатида таърифланади. Бошқа томондан эса, бу китобда реал ҳаётда содир бўлган фожиа тасвирланган.

Рейстрек-Плайя

Бу масканнинг иккинчи номи - Ажал водийси. Ортидан қатор оёқ излари акс этган кўплаб тошлар шундай жойлашганки, улар худди мустақил ҳаракатланадигандек тасаввур уйғотади. Бу ҳаракатланувчи тошлар 70 йил давомида ечилмаган жумбоқ бўлган ва ҳатто ҳаётнинг ўзгача шакли ҳам ҳисобланган. Бироқ кейинчалик бу тошларнинг асоси водий юзасини қопловчи музларга бориб тақалиши ва кучли шамолда улар ҳаракатга келиши ҳақидаги версия илгари сурилди.

Овертон кўприги

Дунёнинг бошқа бир ерида бундай қўрқинчли кўприк бўлмаса керак. Нима учундир кўп итлар шу кўприкдан сакраб, тил тортмай ўлади ва бу бир-икки тасодифий ҳолат эмас, у ерда сўнгги 50 йилда 50 ит жасади топилган. Шуниси қизиқки, итлар кўприкнинг бир нуқтасидан сакрашни амалга оширади. Айтишларича, кўприкдан сакраб омон қолган итлар яна унга қайтиб, пастга қараб сакрашган, бироқ бунинг қанчалик ҳақиқат экани номаълум.

Скелет кўли

Бу кўл Ҳиндистонда Иккинчи жаҳон уруши вақтида кашф қилинган. Аскарлар унинг тубида 200 дан зиёд инсон скелети борлигини кўришган. Биринчи версия ғойиб бўлган япон аскарларининг қабри бўлган, бироқ тадқиқотлар бу скелетларнинг у ерда эрамизнинг 850-йилларидан буён бўлганини кўрсатган. Бундан ташқари, ҳар бир скелет бош суягининг юқори қисмида кичик тешикча бўлган. Табиийки, кўплар бу ерни қурбонлик келтириладиган жой дея тахмин қилган. Яна бир версияга кўра, бу - йирик дўлдан ҳалок бўлган зиёратчилар гуруҳи.

Иблис денгизи

Бу Бермуд учбурчагининг номаълум "қариндоши". Иблис денгизи анча қизиқроқ бўлса-да, у ҳақида деярли ҳеч ким билмайди. У Япониянинг жанубий қирғоқлари ва Гуам ўртасида жойлашган. Бу ерда кўп кемалар чўкиб кетган ва фақат шугина эмас. Иблис дарёси шунингдек доим ҳарбий самолётлар қурилмаларини уриб туширади. Бу ерда НУЖлар ҳам, сув ва осмонда сирли оловлар ҳам қайд этилади. Минтақаларнинг энг кўзга кўринган олимлари ҳам бу воқеаларга изоҳ топа олишмаган. Япония ҳукумати бу сувга тушишни тавсия қилмайди.

Мавзуга оид