Жаҳон | 10:43 / 04.01.2023
12017
2 дақиқада ўқилади

Йирик ширкатлар Россия ва Украинадаги хавфларни қоплашдан бош тортяпти

1 январдан бошлаб ўз полисини янгилаётган қайта суғурталовчилар Украина, Россия ва Беларусдаги рискларни қоплашдан бош тортишни бошлади.

Фото: Getty Images

Айрим йирик компаниялар 2023 йил бошидан Россия, Украина ва Беларусдаги рискларни қоплашдан бош тортишни бошлади, деб хабар бермоқда Reuters 3 январь, сешанба куни саноат манбаларига таяниб.

Суғурталовчиларни суғурталовчи фирмалар - қайта суғурталовчилар ҳар йили 1 январда ўзларининг йиллик полисини узайтириб, янги рискларни акс эттириш учун нархларни янгилайдилар. Бозор иштирокчилари Россия, Украина ва Беларусдан воз кечишни бошладилар ва январь ойидан буён уруш ҳамда қайта суғурталовчиларга санкциялар сабаб бўлган йўқотишлар туфайли бу мамлакатларда «қоплаб беришни топиш жуда қийин», деди Gallagher Re International раҳбари Жеймс Викерс Reuters агентлигига.

Қайта суғурта хизматларисиз суғуртачилар минтақада ишлашни янада истамаслиги мумкин, деди Reuters агентлигига соҳадаги манбалар. Уларнинг сўзларига кўра, кема суғуртачилари аллақачон бозорни тарк этишларини эълон қилишган, деб ёзади агентлик. Россияда қолиб кетган самолётлар туфайли ҳавони қайта суғурталаш ставкалари 200 фоизга ошди.

Украинадаги урушдан ташқари, қайта суғурталовчилар Флоридадаги "Иэн" тўфони каби табиий офатлардан катта йўқотишларга дуч келишди, буни брокер Howden йўқотишларни суғурталаш бўйича иккинчи «энг қиммат» табиий офат деб атади.

«Сектор 2001-2006 йиллардан бери нархларнинг энг кескин ўсишини бошдан кечирмоқда», деди Howden тадқиқот бўлими бошлиғи Дэвид Фландро. АҚШнинг энг оғир зарар кўрган ҳудудларида мулкни қайта суғурталаш ставкалари 150 фоизга ошди.

Swiss Re компанияси ҳисоб-китобларига кўра, "Иэн" тўфони ва бошқа табиий офатлар дунё бўйлаб йилига тахминан 115 миллиард доллар суғурта зарарига олиб келган, бу 10 йиллик ўртача 81 миллиард доллардан анча юқори. Reuters агентлигига бозор иштирокчиларининг айтишича, ҳар қандай ставка кўтарилиши суғуртачилар томонидан ўз корпоратив мижозларига ўтиб, охир-оқибат суғурта нархларининг ошишига олиб келиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид