Бухорода биргина инсоннинг инжиқлиги ортидан Президентга кўрсатилган лойиҳа охиригача амалга ошмаяпти
Бухоро шаҳридан таҳририятимизга мурожаат қилган отахон Шариф Сафаров томонидан кўтарилаётган чалкаш ва ечимини топмаётган масала кейинги кунлар трендида жуда долзарб ва республика аҳамиятига эга эканлиги билан бизни ҳайратда қолдирди.
Келинг, нималар юз бераётганини бир бошидан, қисқача ҳикоя қилиб берамиз. Фақат, сабр билан ўқинг.
2009 йилги Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижросини таъминлаш мақсадида 6 майда Бухоро шаҳрининг Мирзо Ғофур, Ибн Сино, Самарқанд дарвоза кўчаларида Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида қадимий ва анъанавий Бухоро услубида уй-жойлар, меҳмонхоналар, чойхона, ҳунармандлар растаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари жойлашуви ҳақида Бухоро шаҳри бош режаси муаллифи — «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» билан келишган ҳолда қурилиш ишларини бошлаш ҳақида Бухоро шаҳар ҳокими (К.Рустамов) фармойиши қабул қилинади.
Мазкур фармойиш асосида ҳудуддаги қурилиш ишлари «АРК» лойиҳалаштириш-маъморчилик ишлаб чиқариш фирмаси архитекторлари Зоиршоҳ Қиличев ва унинг рафиқаси Зебо Шарипова томонидан лойиҳалаштирилади. З.Шарипованинг айтишича, лойиҳа «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ»даги қадимий шаҳарлардаги архитектура ишлари бўйича куратор Б.Магдиев томонидан тасдиқланган. 2018 йилда Бухорода лойиҳалаштириладиган ишларга ҳам ушбу лойиҳа киритилган.
Архитектор З.Шарипова томонидан қадимий Бухоро услубида лойиҳалаштирилган, айни пайтда қуриб, эгаларига фойдаланишга топширилган, умумий лойиҳанинг бир бўлаги бўлган хонадонларга ҳам кирдик. Уйлар асалари уясидек, жуда мўъжаз усулда лойиҳалаштирилган. Масалан, бор-йўғи 2,9 сотих ерда тўртта хўжалик бири-бирига халақит бермасдан бемалол яшаши, боз устига, бирор оилавий корхонани ҳам юритиши мумкин бўлган, бухороча услубда, индивидуал лойиҳа асосида, хонадан соҳибларининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олиб, кўп қаватли уй барпо этилган.
Хуллас, собиқ ана шундай уйлардан бир нечтаси яна қурилиши лозим. Уй эгаларининг қурилишни бошлашлари учун шаҳар ҳокимининг қарори чиқариб берилган, ҳар бири индивидуал лойиҳа асосида кўтарилиши лозим бўлган иморатларнинг архитектура-лойиҳа топшириқлари (АПЗ) лари аллақачон тайёр.
Ушбу лойиҳа ҳаттоки 2017 йилнинг 10–11 март кунлари Бухоро шаҳрига ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёевга ҳам тақдим этилган эди.
«Эски (қадимий) Бухорони, унинг бозорларини, тангкўчаларини тиклашимиз керак. Лекин у шундай шинам бўлиши керак-ки, одамлар қадимий тарихимизнинг ҳидини сезишлари лозим. Одамлар ўзи турист бўлиб, қанча жойгача пиёда юрилади, қандай нафас олинади, қаерда ўтирилади, қаерда ётади — шуларни кўриши керак. Бу жой кечаси билан ишлайдиган майдон бўлиши керак. Биз тарихимизни тиклашимиз, сақлашимиз, ёшларимизга етказишимиз керак», — деган эди Президентимиз Ш.Мирзиёев лойиҳани маъқуллаб, кўздан кечирар экан.
Шариф Сафаров ана шу хайрли мақсад йўлида қурилиш ишларини олиб боришда сарсон бўлаётган 31 нафар фуқаролардан биридир. Унинг Президент виртуал қабулхонасига ёзган мурожаатига кўз югуртирамиз:
«2017 йил март ойида Бухоро шаҳрига келиб, олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирганингизда, бизга 2016 йил 20 июнь куни Бухоро шаҳар ҳокимининг №1129-сонли қарори асосида «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» бош лойиҳаси мазмуни бўлган «Бухоро услубидаги уй-жойлар ва ҳунармандлар растаси» концепциясини ўзингиз шахсан маъқуллаб, тегишли талаб ва топшириқларингиз берган эдингиз.
Ушбу лойиҳани сиз маъқуллаб, кўрсатмалар берган бўлсангиз-да, Бухоро шаҳар ҳокимлиги ва хусусийлаштириш бошқармаси раҳбарлари ушбу ҳолатни назар-писанд қилмасдан, бизни қурилиш ишларимизни бошлаш учун ҳужжат ва рухсатномаларимизни беришни қасддан пайсалга солиб, рақобат бошқармаси, биз (31 нафар ҳунарманд фуқарони) ФИБ судларида такрор ва такрор овора қилмоқдалар.
Сиздан илтимос, бизни шахсий амбицияси билан овора қилаётган «тўралар»дан холос қилиб, қонунан ўз ишларимизни давом эттириш — Қадимий Бухоро услубидаги уй-жой иморатларимизни рухсат ҳужжатларини олишимизда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз. Зеро, келажакда бу уйларда ҳунармандлар хорижий ва маҳаллий сайёҳларга турли хизматлар кўрсатишни режалаштирганлар».
Лойиҳага кўра, бир пайтлар Бухоро шаҳридаги саноат зонаси бўлган ва кейинчалик ташландиқ ҳолатга келиб қолган ҳудудда турар-жойлар ва ҳунармандчилик-ишлаб чиқариш массиви юзага келиши керак. Юқорида таъкидланганидек, унинг бир қисми фойдаланишга топширилган, яна баъзи жойларида қурилиш ишлари давом этмоқда. Бироқ, 31 нафар кишига тегишли ички қисми тўхтаб турибди.
31 кишига тегишли қисм собиқ таксомотор комбинати ва “Саховат» АЖга қарашли ерлар бўлган. Латифага мавзу бўладиган ҳолатни қаранг энди. Ҳоким қарори чиққан. Лойиҳа тасдиқланган. Уй қурилиши керак. Тўсиқлар бўляпти. Рақобат бошқармаси эса, бундан фойдаланиб, отни қамчилаб, собиқ “Саховат” АЖга тегишли ер ва мулкни фойдаланилмаяпти, деган важ билан давлат ихтиёрига қайтармоқчи! Бухоро туманлараро суди рақобат бошқармасининг даъволарини қаноатлантирмади.
Ш.Сафаровнинг тушунтиришича, бундай вазиятнинг юзага келаётганига сабаб — собиқ таксомотор паркининг раҳбари Шавкат Фаттулаевич Каримовнинг шаҳардаги мутасаддилар билан тил бириктириб, лойиҳани амалга оширишга тўсқинлик қилаётганидир. (Дарвоқе, Бухорода у кишига қўнғироқ қилдик ва у киши гўшакни кўтармади).
Нега у инсон бундай қилаяпти?
Ш.Каримов томонидан хусусийлаштирилган ва айни пайтда иншоотлари турли тадбиркорларга ижарага бериб юборилган собиқ таксомотор парки ўрни қадимда Серсарон қабристони бўлган. Ҳозирги кунда бузилиб, устига саноат бинолари тушган Серсарон жоме масжидининг қолдиқлари ер остида турибди. Чунки 1929 йилда туширилган аэрофотосъёмка бўйича унинг қаерда эканлиги ҳам аниқ.
Арихитекторлар З.Қиличев ва З.Шарипова томонидан тайёрлаган ва мутасаддилар томонидан тасдиқлаган, Президент ҳам кўриб маъқуллаган лойиҳага кўра, бу ерда парк зонаси ташкил этилиши керак. Серсарон масжиди ўша қадимий жойида қайта тикланади. Парк зонасида, шунингдек, амфитеатр, қаҳвахоналар, чойхона қурилиши мўлжалланган.
Хуллас, қадимий масжид қайта тикланиши барча мутасаддилар билан келишилган, барча тасдиқлаган, лекин Ш.Каримов ҳамма ёқда «булар жиноятчилар, ИШИДчилар, масжид қуришмоқчи» деб қўрқитиб, ваҳима кўтариб, лойиҳага қаршилик қилиб келмоқда, дейди Ш.Сафаров.
Лойиҳа бўйича шаҳар ҳокимининг ягона қарори чиққан. 31 киши қуриши керак бўлган иморатларни парк зонасидан айро ҳолатда барпо этиб бўлмайди. Чунки лойиҳа бўйича улар умумий ягона ансамбль касб этган. «Парк зонаси олдидан йўл ўтиши керак. Йўл четида одамларга халақит қилмаслик учун автомобиль тўхташ жойлари ҳам назарда тутилган. Ҳар қандай қурилиш майдонида йўл ҳам ҳисобга олинади ва чиқарилади-ку? Йўлга ажратиладиган 374 кв.м жой учун Ш.Каримов муаммо яратиб ўтирибди-да, хуллас», — дейди З.Шарипова.
Лойиҳа бўйича қурилиб бўлган уйларга кириб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Мўъжазгина ҳовлида енгил шабада кезиб юрибди. Ҳовли ва хоналарнинг вентиляцияси шундай моҳирлик билан лойиҳалаштирилганки, ҳайрон қолмасдан иложингиз йўқ. Уйларнинг ташқи кўриниши жуда оддий. Биринчи қаватда ташқари томонида ҳаттоки деразаси йўқ. Том шиферланмаган. Ҳар бир уйнинг томигача чиқиш, ҳаттоки ўша ерда ҳам дам олиш мумкин. Чунки қадимий Бухорода шундай бўлган. Уйнинг ташқи кўриниши хонадон соҳибининг ижтимоий статусидан қатъи назар, жуда одми кўринишга эга бўлган. Боз устига, хонадон бегона кўзлардан тўсилган. Уйнинг маҳрам ва номаҳрам ҳудудлари бўлган. Мана шу ўзимизнинг туриш-турмушдаги азалий қадриятларимиз эмасми?
Шахсан бизни тўлқинлантирган жиҳат, айни пайтда қурилиб, фойдаланилаётган уй эгаларининг архитектор З.Шарипова лойиҳаси хусусидаги эътирофи бўлди: «Уй-жойларимиз бузилиб, тасдиқланган лойиҳа бўйича қурилиш қилишимиз айтилганида бу опа кўзимизга балодек кўринар эди. Ўлдириб ташлашга ҳам тайёр эдик, очиғи, — дейишди улар кулиб. — Мана энди бу атоқли меъморга ҳар қанча раҳмат айтсак ҳам кам».
Таъкидлаш жоизки, яратилаётган ушбу ҳудудда миллий меҳмонхона комплекслари ҳам бўлади. Хорижлик сайёҳлар оддий бухороликлар қандай кун кечираётгани билан ҳам шахсан танишиш имкониятига эга бўлишади, уларни қадимий меъморчилик услубларимиз билан ҳайратга соламиз.
Бухорода ана шу ҳолатлар ҳисобга олиниб, уй-жойлар лойиҳалаштирилган. Биринчи қават ва ертўладан дўкон, ишлаб чиқариш хоналари сифатида бемалол фойдаланиш мумкин. Лекин кимлардир шахсий манфаатини ватан ва халқ манфаатидан устун қўйиб, юрт раҳбари томонидан маъқул деб топилган мўъжаз лойиҳага қайсарлик билан қаршилик қилиши... Боз устига, қадимий исломий обидаларни тиклайман деган фидойиларни террорчилар, деб ҳақорат қилиши... Билмадим, бу қайси қолипга сиғади.
Энг қизиғи, қуриладиган парк ва унинг ҳудудидаги барча иншоотлар Ш.Каримовнинг ўзига эгалик ҳуқуқи билан берилади. Очиғи, у ўзи хусусийлаштирган ҳудудда, собиқ қабристон узра лойиҳа бўйича истироҳат боғи бўлишни истамаяпти, бизга билдиришларича тўйхона ва уйлар қурмоқчи, шу сабабли қайсарлик билан лойиҳанинг амалга оширишга қаршилик кўрсатмоқда.
Аминмизки, мутасаддилар — Бухоро вилоят ва шаҳар раҳбарлари мавжуд муаммоларни тезда ҳал этиб, ўзлари Президент ҳузурига олиб чиқиб мақтанган лойиҳаларини тезда амалга ошириш учун камарбаста бўлишади ва нажот кутаётган фуқароларга ёрдам қўлини чўзишади.
KUN.UZ бу мавзуга албатта яна қайтади.
Шуҳрат Шокиржонов,
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
20:33 / 28.11.2024
Бухорода салкам 9 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди
12:03 / 28.11.2024
Бухорода газ портлаши: бир оиладан 2 киши вафот этди, 2 киши куйиш жароҳатини олди
09:51 / 21.11.2024
Бухоронинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
20:55 / 20.11.2024