Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
1 апрелдан ФҲДЁ органларида оила масалалари Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мувофиқлаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларини Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Республика «Оила» илмий-амалий маркази негизида ташкил этилмоқда ҳамда қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:
- оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, бу соҳада норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва самарали татбиқ этиш;
- замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш асосида замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш ишларини олиб бориш;
- давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш;
- оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш.
«Оила» маркази директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. «Оила» маркази директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича вазирга, директорнинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;
«Оила» маркази директори ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, энг аввало:
- оила институтини мустаҳкамлаш, жамиятга унинг замонавий намунали шаклини сингдириш бўйича сифатли тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда таъсирчан, илмий асосланган ва амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга;
- оилада, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларнинг натижадорлигига;
- нотинч ва муаммоли оилаларни ўз вақтида аниқлаш, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш ва оилавий муносабатларни яхшилаш бўйича чоралар кўришга шахсан жавобгардир.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва «Оила» маркази вакилларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқланади. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилмоқда.
2018 йил 1 апрелдан ФҲДЁ органларини уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилади.
ФҲДЁ органи фаолияти, «Оила» марказининг туман (шаҳар) бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилади.
«Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳузурида тиббиёт касб-ҳунар коллежлари негизида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар бўйича кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади.
Белгилансинки, махсус ўқув курсларида қайта тайёрлаш ва малакани ошириш «Оила» маркази томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.
Мавзуга оид
13:40 / 13.10.2025
Кореядаги элчихона ФҲДЁни қайд этиш бўйича хориждаги элчихоналар орасида 1-ўринда турибди
19:06 / 05.03.2025
Ўзбекистон МДҲ давлатлари учун ФҲДЁ ягона тизимини ишлаб чиқади
07:30 / 15.03.2024
Ўзбекистонда икки ойда қанча никоҳ қайд этилгани айтилди
18:21 / 05.01.2024