20:35 / 06.02.2018
8519

БАА араб давлатлари ичида биринчи бўлиб ўзининг сунъий йўлдошини яратди 

Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мақтум. Фото: Reuters

БААлик муҳандислар араб давлатлари ичида биринчи бўлиб хорижий мутахассисларнинг ёрдамисиз сунъий йўлдош лойиҳалаб, уни йиғишга муваффақ бўлишди. KhalifaSat деб номланган ушбу коинот қурилмасини БАА вице-президенти ва бош вазири, Дубай ҳокими шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мақтум кўздан кечирган. 

“Амирликлар муҳандислари араб оламида хорижий кўмаксиз биринчи бўлиб сунъий йўлдош ярата олишди. Бу ютуқ амирликларнинг коинот технологияларини эгаллаган ёшларининг қобилиятлари юқорилигидан дарак беради. Бизнинг олимлар ва муҳандислар томондан тўпланган билим ва тажриба БААнинг илмий ва технологик ривожланиши учун мустаҳкам асос солди. Биз аминмизки, миллий коинот саноати ўсишда давом этади ва иқтисодиётимизнинг муҳим компоненти бўлади”, деб айтди Ал Мақтум Муҳаммад бин Рашид номидаги коинот марказига ташрифи вақтида. 

KhalifaSat коинот маркази ходимлари томондан яратилган 3-сунъий йўлдош бўлиб, бунгача DubaiSat-1 ва DubaiSat-2 қурилмалари муваффақиятли синовдан ўтказилиб, учирилган. Айни вақтда 100 фоиз БААда яратилган сунъий йўлдош якуний синовлардан ўтказилмоқда ва йил охиригача Япониядаги космодромдан Mitsubishi Heavy Industries Rocket - H-IIA ракета-ташувчиси томондан ер атрофидаги орбитага олиб чиқилади.

Яратилишига 4 йил кетган сунъий йўлдош такомиллашган глобал жойлашув тизими, автоматик назорат дастури билан жиҳозланган. Унинг асосий вазифаларидан бири коинотдан суратлар олиш ва Ерга визуал ахборотни узатишдан иборат.

БААнинг илк сунъий йўлдоши 2009 йилда учирилган, 2014 йилда эса миллий коинот агентлиги ташкил этилган. 2015 йилда тасдиқланган давлат дастури амирликнинг Марсни тадқиқ қилишда иштирок этишини ўз ичига олади. Лойиҳа 2020 йилда Hope кемасининг Марсга учирилишини кўзда тутади. Кема Қизил сайёрага БАА ташкил этилганининг 50 йиллиги нишонланадиган 2021 йилда етиб бориши керак.

Top