Жамият | 16:05 / 09.02.2018
36668
5 дақиқада ўқилади

Kun.uz синфхонаси: нима учун инглиз тилини бутун дунё тан олган?

Атрофимизда тил ўрганувчи кишилар, айниқса, ёшлар кўпайиб бормоқда. Қаерга қарасангиз, инглиз тилини ўзлаштириш курслари ташкил этилгани, ўқув курсларига таклиф, эълонларга кўзингиз тушади. Маҳсулот ёрлиғида, фильм ёзувлари, реклама паннолари, қўйинки, кўп жойларда инглизча жумлани учратамиз. Сизда нима учун инглиз тили дунёдаги энг машҳур тил, деган савол туғилганми? Бунинг сабаблари кўп. Келинг, шу ҳақида бироз сўзлашайлик.

Тарихий сабаблар: Англиянинг ютуқлари

Бир давр лотин тили илм-фан ва сиёсат тили сифатида эъзозланди. Орада француз тили ҳам ана шундай мақомга эга бўлди, 17-асрдан бошлаб, Англия дунёнинг кўплаб давлатлари устидан ҳукмронлик ўрнатди ва инглиз тили денгизлар оша савдо тилига айлана бошлади. Барчага машҳур Ост ва Ист-Индия компаниялари кириб борган ҳудудда аҳоли инглизча яшаш тарзига кўника бошлади. Бунинг кетидан, бу давлатлар ўртасида ҳамдўстлик тузилиши, Буюк Британияга катта ҳарбий салоҳиятини яратишга имкон берарди. 

Фото: Fotolia

Англия тасарруф этган давлатларда халқлар мустақил бўла туриб, инглиз тилини сўзлашув тили сифатида тан олган. 

Американинг тараққий этиши

Биринчи Жаҳон урушини қарз берувчи мамлакат етакчилари сифатида бошлаган инглиз сиёсатчилари урушдан сўнг, қарздор давлат бошқарувчиларига айланди. 20-асрнинг иккинчи ярмида АҚШнинг даври бошланди. АҚШ энг кучли мамлакатга айланиб, ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозорларини тўлдирди. У ҳам қачонлардир Англия мустамлакаси бўлиб, озод юрт яратган кишилар мамлакати эди. Америкада компьютер ва интернет яратилиши инглиз тилини бутун ер шарига тарқалишига олиб келди.

Океан ортидаги ҳаёт тарзи бутун дунё аҳолисида ҳавас уйғотиб, америкаликларга яқинроқ бўлиш учун кўплар инглиз тилини ўргана бошлади.

Нима учун бугун инглиз тили жаҳон тили ҳисобланади?

1. Инглиз тили – дунё тили

Бугунги кунда, инглиз тили 500 миллиондан кўпроқ кишининг асосий мулоқот тили бўлиб, яна 1 миллиард 300 миллионга яқин инсон учун иккинчи тил ҳисобланади.

Фото: Fotolia

2. Инглиз тили – савдо ва бизнес тили

Дунё бўйлаб битимларнинг 90 фоизи инглиз тилида тузилади. Жаҳон молиявий фондлари ва биржалари инглиз тилида фаолият юритади. Йирик корпорациялар дунёнинг ҳар бир чеккасида инглиз тилидан фойдаланади. Гарчи инглиз тилида сўзлашмаса ҳам, хорижий сармоядорлар учун шу тилда таклифларни ифода этиш анча қулай ва соддароқ. 

3. Инглиз тили – таълим тили

Мактабларда чет тили сифатида, асосан, инглиз тили ўргатилади. Дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари қаторида турган биринчи 10 та университет ҳам айнан инглиз тилида фаолият юритади. Инглиз тилини билиш сифатли таълим олишга ва обрўли касб эгаси бўлишга имкон яратади.

Фото: Fotolia

 4. Инглиз тили – саёҳатлар тили

Дунёнинг қайси мамлакатига борманг, ҳамма жойда инглиз тилида сизни тушунишади. Маҳаллий аҳоли билан айнан инглиз тилида мулоқот қила олишингиз мумкин.

5. Инглиз тили – фан ва техника тили

Бугунги кунда инглиз тилида кўплаб илмий маърузалар, мақолалар, ҳисоботлар чоп этилади. Интернет ресурсларининг 90 фоизи инглиз тилида. Барча соҳалардаги маълумотларнинг асосий қисми биринчи бўлиб инглиз тилида пайдо бўлади.

 6. Инглиз тили – ёшларнинг тили

Инглизча комедиялар, фильм, китоб ва санъат асарлари дунё ёшлари орасида жуда машҳур. Америкалик актёрлар, қўшиқчилар, ёзувчилар миллионлаб ёшларнинг қалбидан жой олишган.

Фото: Fotolia

7. Инглиз тили – универсал тил

Инглиз тили жозибали, хушоҳанг ва ўрганиш учун осон бўлган тил. Инглиз грамматикаси анча содда бўлиб, сўзлар бир бири билан осонгина боғланади ҳамда қисқа ва аниқ гаплар пайдо қилади. Ахир халқаро тил мураккаб бўлмаслиги керак-да.

Инглиз тили яна кўп йиллар давомида халқаро тил бўлиб қолади. Ушбу тилни ўрганишни хоҳловчилар сони ҳам йилдан-йилга ортаверади. Kun.uz янги лойиҳани ишга тушириб, бепул ва онлайн инглиз тили дарсларини тақдим этади.

Мавзуга оид