09:44 / 10.02.2018
11562

АҚШ Хитой сабабли Осиёдаги қўшинлари сонини оширмоқчи – ОАВ

Фото: CC BY 2.0 / Arlington County / Пентагон

Пентагон Хитойнинг ошиб бораётган таъсирига жавоб сифатида бир нечта режаларни, жумладан Шарқий Осиёда денгиз пиёда аскарлари бўлинмаларини жойлаштириш имконини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри ҳарбийларга иқтибос келтирган ҳолда хабар берди.  

Нашр маълумотларига кўра, айни вақтда Японияда 50 минг, Жанубий Кореяда 29,5 минг  ва Гуам оролида 7 минг америкалик ҳарбий бор. 

Таъкидланишича, АҚШ мудофаа вазирлиги Осиёга тезкор жавоб беришга мўлжалланган денгиз пиёда қўшинларининг экспедиция отрядларини жўнатмоқчи. Бу отрядда 2 мингга яқин ҳарбий бор. Одатда отрядлар денгизда десант кемаларда 7 ойгача қолади. Бу кемалар моҳиятан кичик авиаташувчилар ҳисобланади. Гуруҳлар ихтиёрида одатда самолётлар, вертолётлар, танклар, миномётлар ва бошқа қурол бор.

АҚШ бу бўлинмаларни Ироқ ва Сурияда ИШИДга қарши курашда қўллаган. Нашр суҳбатдоши генерал Роберт Неллернинг айтишича, агар гуруҳлар Осиёга ташланса,  уларнинг вазифасига ҳудудларни патруллаш ва АҚШ иттифоқдошлари билан биргаликда машғулотлар ўтказиш киради. 

Нашрнинг таъкидлашича, ушбу режалар АҚШнинг янги мудофаа стратегиясига мувофиқ келади. Унда асосий хавфлардан бири сифатида Хитой айтилган.

Январда Пентагон миллий хавфсизликнинг янги стратегиясини чоп этганди. Унда Хитой, Россия, Эрон ва Шимолий Корея АҚШнинг рақобатчилари деб аталган. Ҳужжатдаги асосий тамойиллар сифатида террорчиликка қарши курашдан “йирик давлатлар” билан рақобатчилик қилишга ўтиш ва бунинг учун стратегик ядровий кучлар, ракетага қарши мудофаа кучлари ва киберимкониятлар ҳисобига кучли қуролли кучларни яратиш айтиб ўтилган.  

Top