Жаҳон | 21:09 / 14.02.2018
12991
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонлик ўз рафиқасининг буйрагини ундан сир тутган ҳолда сотиб юборди 

Фото: Sputnik

Ҳиндистонлик эркак рафиқасининг сепи кичиклигидан аччиқланиб, унинг буйрагини алдов йўли билан сотиб юборди. Бу ҳақда The Daily Mail нашри хабар бермоқда.

Ушбу воқеа Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатида юз берган. Жабрланувчи Рита Саркорнинг айтишича, у икки йилча аввал қорин соҳасида кучли оғриқ ҳис қилган. Шундан кейин аёлнинг турмуш ўртоғи уни Калькуттадаги хусусий клиникага олиб борган. Шифокорлар аёлни текширгач, унда кўричак ташхисини қўйишган ва зудлик билан операция қилиниши кераклигини айтишган. Бироқ жарроҳлик амалиётидан кейин аёлнинг аҳволи яхшиланмаган. Бироқ шунга қарамай, аёлнинг эри унга шифохонага боришни тақиқлаган ва умуман операция ҳақида ҳеч кимга айтмасликни буюрган.    

Ярим йилдан кейин 28 ёшли аёл шифокор ҳузурига боришга муваффақ бўлган. У ерда унинг чап буйраги йўқлиги аниқланган. 

“Ўшанда мен эрим нима учун менга операция ҳақида чурқ этмасликни сўраганини тушундим. У менинг буйрагимни келинлик сепим кичик бўлгани учун сотиб юборган”, деб айтган аёл.

Аёл полицияга мурожаат қилган. Аниқланишича, эркак ушбу қабиҳ ниятини амалга ошириш учун укаси ва онаси билан тил бириктирган. У ва унинг укаси ҳибсга олинганлар, онаси эса яширинишга муваффақ бўлган. Сўроқ вақтида ака-укалар айбларини тан олишган ва Ританинг буйраги қўшни шаҳарлик тадбиркорга сотилганини айтишган.

Мавзуга оид