Ўзбекистонда буйраги ёки жигари алмаштирилган беморлар сони бугунги кунда 2600 нафарни ташкил этади. Бундай беморлар бошқа организмдан кўчириб ўтказилган орган ўз организмларига мослашиб кетиши учун иммунитетни пасайтирувчи (иммуносупрессор) дориларини мунтазам қабул қилишлари керак.
Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, трансплантация операцияси ўтказилган шахслар давлат томонидан сифатли (оригинал) иммуносупрессор дори воситалари билан бепул таъминланиши керак ва бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ҳисобланади.
Вазирлик иммуносупрессор дори воситаларини етказиб бериш бўйича танлов ўтказади. Беморларни бу зарур дори воситалари билан таъминлаш “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга асосан амалга оширилади. Яъни дорилар тендер танловида ютган қайсидир фирма томонидан хориждан олиб келингач, беморларга тарқатилади.
Kun.uz'га мурожаат қилган беморлар давлат томонидан берилиши кафолатланган дорилар ўз вақтида ҳамда етарли миқдорда етказиб берилмаётгани, қолаверса, дорилар таъминотида тез-тез узилишлар кузатилаётгани, бу эса уларнинг саломатлигини хавфга қўяётганидан шикоят қилишмоқда.
— Андижон вилоятида буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиётини ўтказган беморлар номидан ёзяпман. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бизга зарур бўлган дорилар ўз вақтида етказиб берилмаяпти. Трансплантация жараёнини ўтказган беморларга қўйилган бегона орган иммунитет томонидан рад этилмаслиги учун доимий равишда 2 турдаги дориларни ичиб юриши шарт. Агарда бемор зарур дориларни 1 сутка давомида ичмаса, жарроҳлик йўли билан унга бошқадан кўчириб ўтказилган буйрак ишламай қолиб, алалоқибат бу ўлимга олиб келади.
2021–2022-йиллар давомида ССВга ва Андижон вилояти ССБга кўп марта ёзма ва оғзаки мурожаат қилдик. «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасида ҳам Андижонга келган депутатларга барча муаммоларимиз айтилган. Бироқ шунча саъй-ҳаракатлардан кейин ҳам бизга берилиши керак бўлган дорилар етарли миқдорда ва ўз вақтида етказиб берилмаяпти. Натижада беморлар ўзлари учун зарур бўлган “Програф” ва “Селлсепт” (“Панграф”, “Майфортик”, “Сандиммун неорал”) дориларини қиммат нархларда сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Бу дориларни фақат Тошкент шаҳридаги дорихоналардан топиш мумкин.














