Ўзбекистон | 15:35 / 14.02.2018
12267
2 дақиқада ўқилади

Март ойида Тошкентга Антониу Гутерришнинг келиши кутилмоқда

Фото: UN

Жорий йил март ойининг учинчи ўн кунлигида Тошкентда “Афғонистон — тинч келажак сари йўл” мавзуида халқаро вазирлар конференцияси ўтказилади. Унинг асосий мақсади: Афғонистондаги тинчлик музокараларининг асосий тамойилларини мувофиқлаштириш, Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокаралар олиб бориш механизмини ишлаб чиқиш, музокаралар жараёнини қўллаб-қувватлаш учун халқаро қўшма тадбирларни мувофиқлаштириш, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг маълум қилишича, Тошкент конференциясининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили Тадамичи Ямамото, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, Россия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони ва Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи ишлар идоралари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Хорижлик экспертларнинг айтишича, 1999 йилда Тошкентда Ўзбекистоннинг ташаббуси билан "6 + 2" мулоқот гуруҳи йиғилиши низолашаётган томонлар вакиллари, хусусан, “Толибон” ҳамда Афғонистоннинг қўшни мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, Россия ва Америка Қўшма Штатлари иштирокида бўлиб ўтган эди. Музокаралар якунида Афғонистондаги можароларни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан Тошкент декларацияси қабул қилинди. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик жараёнини тарғиб қилиш бўйича муваффақиятли тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, олдинда турган навбатдаги йиғилиш афғон муаммосини ҳал этишда муҳим қадам бўлиши мумкин, деб таъкидлашди.

Мавзуга оид