Жаҳон | 22:15 / 14.02.2018
7039
2 дақиқада ўқилади

ЖАР президенти истеъфога кетишдан бош тортмоқда

Фото: РИА Новости

ЖАР президенти Жейкоб Зума ҳукмрон партия “Африка миллий конгресси” талабига кўра истеъфога кетишдан бош тортмоқда. 

Зума ушбу қарорини партия ижроия қўмитасининг қарорларни қабул қилиш жараёнидан норозилиги сабабли қабул қилган. 

“Мен ҳеч қандай ёмон иш қилмадим ва ҳеч ким менга нима учун истеъфога кетишимни тушунтирмади”, деб айтган Зума SABC давлат телекомпаниясига берган интервьюсида

Зуманинг айтишича, унинг партия раҳбарияти қароридан норозилиги раҳбарият фикри билан ҳисоблашмаслигини англатмайди. “Мен бу қарорни нотўғри деб ҳисоблайман. Мен партия бундай нотўғри қарорни биринчи марта қабул қилганини кўрмоқдаман”, деб айтган президент.  

Зуманинг айтишича, у ҳукмрон партия етакчиси ва ўз ўринбосари Сирил Рамапоса билан музокараларда унга ҳокимиятни муддатдан аввал бир неча ой ичида топширишга розилик берган ва шундан кейин у ва партия раҳбарияти ўртасида келишувга эришилган. “Июлда бизда БРИКС саммити бўлади ва унда мен ўз ҳамкасбларимга Рамапосани ўрнимга келувчи одам сифатида тақдим қилмоқчи эдим”, деб айтган Зума.

Бироқ партия раҳбарияти аввалги позициясини ўзгартириб, мамлакатда ҳокимият зудлик билан алмаштирилишини талаб қила бошлаган. “Қарор шундай тарзда қабул қилинганки, мен ўзимни жабрдийдадек ҳис қилмоқдаман”, деб таъкидлаб ўтган Зума. Унинг айтишича, партиянинг бу қарорига ягона асос декабрда Рамапоса партиянинг янги етакчиси этиб сайлангандан кейин мамлакатда икки куч маркази бўлишидан қочиш истаги ҳисобланади.

Зума кун охиригача юзага келган вазият бўйича расмий баёнот беришини айтган.

 

Мавзуга оид