Жаҳон | 13:57
963
1 дақиқада ўқилади

ЖАРдаги барда отишма. Ўнга яқин киши ҳалок бўлган

Фото: Ижтимоий тармоқлар

21 декабрга ўтар кечаси ЖАРнинг Йоханнесбург шаҳри чеккасидаги барда номаълум шахслар гуруҳи томонидан ўт очилган. Agence France-Presse агентлиги полиция маълумотига асосланиб хабар беришича, ҳужум оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлиб, яна ўн киши турли даражада тан жароҳатлари олган.

Ҳужум уюштирганлар сони ўнга яқин бўлган, улар иккита машинада келишган, бар мижозларига қарата тартибсиз ўқ узишган, шундан сўнг воқеа жойидан ғойиб бўлишган. Уларнинг мотивлари номаълум.

Бу ЖАРда сўнгги бир ой ичида содир бўлган иккинчи оммавий отишмадир. 6 декабр куни номаълум шахслар мамлакат пойтахти Претория чеккасидаги ҳостелда отишма уюштириши оқибатида 12 киши ҳалок бўлганди.

ЖАР – қасддан одам ўлдириш ҳолатлари бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичга эга давлатлардан бири. 64 миллион аҳолига эга мамлакатда ҳар куни 60 дан ортиқ одам шундай ҳужумлар қурбони бўлади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид