Жамият | 21:46 / 15.02.2018
31656
2 дақиқада ўқилади

50 кишини ёнғиндан қутқариб қолган ҳайдовчи ўз ҳаётини сақлаб қололмади

Фото: Flickr

Таиланд шимолидаги тоғ йўлида ёниб кетган икки қаватли автобуснинг ҳайдовчиси 50 кишини қутқариб қолди, бироқ автобусини “сақлаб қоламан” деб ўзи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Bangkok Post нашрида маълум қилинди

Воқеа 14 февралда юз берган. Таиландлик ҳайдовчи Самран Дуанг-Саат Таиландда ишлагандан кейин уйига қайтаётган 50 нафар мьянмалик муҳожирни олиб кетаётган бўлган. Автобус тоғдаги йўлда кетаётганда двигатели тўсатдан ёниб кетган ва аланга тезда автобус салонига ўтган. Ҳайдовчи дарҳол автобусни тўхтатган ва барча йўловчиларга ташқарига чиқишга ёрдам берган, сўнгра йўловчилар орасидан кўнгиллилар билан ёнғинни ўчиришга тушган.

Ёнғин деярли ўчирилганда нишабликда турган автобус пастга юриб кетган. Ҳайдовчи автобусни тўхтатишга уриниб унинг кабинасига сакраб чиққан. Бироқ автобуснинг ёнғин вақтида яроқсиз ҳолга келган тормоз тизими ишламай қолган. Пастга қараб кетаётган автобус тезлашиб кетган ва олдидаги юк машинасига урилган. Тўқнашув оқибатида автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид