Жамият | 09:23
1208
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автобус қарама-қарши йўналишда ҳаракатланди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 115-йўналишда ҳаракатланувчи King Long русумли автобус қисқа масофада қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатланди. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълум қилишича, бу чорраҳада содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобус ҳаракатини давом эттириш учун мажбурий чора сифатида амалга оширилган.

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизматига кўра, воқеа 2026 йил 9 июл куни содир бўлган. «8-Автобус саройи» филиали ҳайдовчиси бошқарувидаги King Long русумли автобус 115-йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда Юнусобод туманидаги ТҲАЙ ва Боғишамол кўчалари чорраҳасига етиб келган.

Маълум қилинишича, Боғишамол кўчаси бошланишида енгил автомобиллар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Автобус чорраҳага кириб бўлгани ва унинг узунлиги 18 метр бўлгани сабабли транспорт воситасининг орқа қисми бошқа иштирокчилар ҳаракатланадиган йўлни тўсиб қўйган.

Шу боис ҳайдовчи чорраҳани бўшатиш мақсадида автобусни мажбурий равишда қарама-қарши йўналиш бўйлаб тахминан 100 метр бошқариб, шундан сўнг ўз ҳаракат йўналишига қайтган.

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг билдиришича, ушбу ҳолат 10 июл куни «8-Автобус саройи» филиали раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъуллари иштирокида муҳокама қилинган. Йўналишга чиқишдан олдин барча автобус ҳайдовчилари учун йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича қўшимча йўриқнома ўтказилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид