Киевдаги супермаркетга 15 йилдан бери ёлғиз аёл келиб, китоблар ўқийди
Киевдаги супермаркетлардан бирига 15 йилдан бери кекса ёшли аёл келиб, китоблар ўқийди. Бу ҳақда Киевда истиқомат қилувчи Богдан Гдаль Facebook’даги саҳифасида ёзган.
Йигитнинг айтишича, Киевдаги «Магелан» СКМда жойлашган супермаркет ўз номини бир неча марта ўзгартирган: аввалига «Страна», сўнг «Караван», энди эса «Ашан». Фақат кекса ёшли аёл ҳамон ўша-ўша: китоб бўлимида туриб, бадиий асарларни мутолаа қилади.
«Мен уни гипермаркет тимсоли деб атаган бўлардим. Унинг ёнига келиб: “Сизни кўп кўраман”, дедим. У эса “Уйда қиладиган ишим йўқ. Ҳаёт оғир”, деб жавоб қайтарди. Сўнг уялиб, чиқиб кетди. Уни чўчитиб қўйганимдан ачиндим. Фақатгина исми Анастасия эканини билиб олдим. Энди эътибор қаратмайман. Майли, ўқийверсин», - дея ёзди Богдан.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан кўпчилиги ҳам уни яхши билишар экан:
«Яхши, хотиржам аёл. Мен ҳам кўп учратаман уни, ҳеч қачон ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайди. Ачинаман, ҳар доим ёлғиз».
Баъзилар эса бир қанча вақт муқаддам олинган фотосуратни эълон қилишди.
Фойдаланувчилар ўз изоҳларида «Ашан» ходимларидан кекса ёшли аёлга стул қўйиб беришни илтимос қилишди, шунингдек, аёлнинг мушкул ҳаёти ҳақида гапириб беришди.
Супермаркет маъмурияти кекса ёшли аёл ҳақидаги постга тез реакция билдирди ва китоб бўлими олдида юмшоқ диванчани ўрнатиб берди.
«Биз ажойиб ғояни маъқулладик ва китоб ўқиш учун кичик зонани ташкил этдик. Пани Анастасия бугун ҳам келди мутолаа учун янги жойга ўрганмоқда», - дея ёзишган савдо тармоғи вакиллари постга қолдирилган изоҳда.
Мавзуга оид
12:17 / 13.11.2024
Киев ЕПни Россиядан болаларни қайтаришда ёрдам беришга чақирди
10:13 / 11.11.2024
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
14:04 / 06.11.2024
Киев КХДРнинг Россияга ҳарбий ёрдамига қатъий жавобни талаб қилмоқда
14:40 / 30.10.2024