Жамият | 20:57 / 17.02.2018
25895
4 дақиқада ўқилади

Ваъдаларга бўккан маҳалла. Одамлар хонадонига қачон газ келади?

KUN.UZ таҳририятига тушган мурожаат юзасидан Асака шаҳрига бордик.

Оддийгина, деярли ҳар куни кўп бора учрайдиган муаммоли ҳолатлардан бири. Маҳаллада аҳоли билан суҳбат ўтказгач, Асака шаҳар газ идораси бошлиғига қўнғироқ қилиб, агар вақти бўлса, бир келиб кетишини сўрадик. Мақсад - мутасаддининг ўзи бирга халқ билан учрашса, муаммонинг келиб чиқиши сабаблари ва уни ҳал қилиш имконияти бор-йўқлигини билиш эди. Кўп фурсат ўтмай идора раҳбари Жавлон Исмоилов етиб келди.

Фото: KUN.UZ

“Беруний” маҳалласидаги Жалолиддин Румий кўчаси деярли шаҳар марказида жойлашган. Кўчада 85 та хонадон бўлиб,  105-кўпқаватли уй ҳам бор. Яшовчиларни билдиришича, маҳаллага 2012 йилдан бери табиий газ мунтазам берилмайди. Хонадон аҳли ўтин-чўп, кўмир билан бир амаллаб, уйларини исита олар, лекин кўп қаватли уй(дом)да яшайдиганларга қийин.

Фото: KUN.UZ

Йиллар давомида, маҳалла аҳлини мурожаат қилмаган ва ёзмаган жойи қолмаган. Самара йўқ. Ўтган январь ойининг 18-куни мутасадди Ж.Исмоилов Ж. Румий, Й. Охунбобоев ҳамда А.Узоқов кўчасида яшовчи аҳоли билан учрашув ўтказган. Ўша куни газ идораси раҳбари 1 февраль кунидан кўчада газ ёнишига ваъда ҳам берибди.

Биз борган куни маҳалла кишилари раҳбарга ана шу ваъдани ҳам эслатишди. Мутасаддининг билдиришича, айни пайтда маҳалланинг газ таъминоти издан чиқишига  Асака шаҳридаги текстиль фабрикаси қувури билан боғлиқ муаммо сабаб бўлган. Ж. Исмоилов, мутахассисларни юбориши ва улар қувурлардаги режимни созлаши, газ босими эртадан кўтарилишига яна ваъда берди.

Фото: KUN.UZ

Қизиғи, маҳаллада истиқомат қилувчи Нодирбек Аҳмедов газ идорасига суюлтирилган баллон учун ариза топширса, унга: “Маҳалла газлаштирилган. Шунинг учун сизга баллон бера олмаймиз”, деган жавоб қайтаришган. Қаранг-а?.. Жуда тушунарсиз ҳолат. Тўғрими?..

Бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Маҳаллада газ босимини йўқ бўлиб кетишига сабаб, баъзи “инсофли” хонадон эгалари газсўрғичлардан фойдаланишмоқда. Аҳоли вакилларини билдиришича, газ идораси уларни ушлаб, қонуний чора кўришда сусткашлик қилмоқда.

Улар мутасаддига “Қайси хонадонда газсўрғич борлигини айтсак ҳам чора кўрилмаяпти?”, деган саволни беришди.

Шу ўринда маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларига ҳам саволимиз бор. Наҳотки, жамоатчилик вакиллари билан кўчаларни айланиб, газсўрғич эгаларига таъсир чорасини кўриш мумкин эмас? Маҳалланинг муаммоларини ҳал қилишда оқсоқоллар ва кайвониларнинг ҳам ўрни катта, ахир?

Газ идораси асосий линиянинг ҳар ким ҳоҳлаган жойидан қувур тортиб кетганлигига ҳам эътибор қаратиши зарур. Агар ташкилотнинг битта бригадаси бир-икки кун кўчада иш олиб борса, муаммони тўлалигича охирига етади.

Фото: KUN.UZ

Биз борган куннинг эртасига газ идорасидан кўчага мутахассиалар келишиб, иш ташкил қилишган ва номига ёнаётган газ плитасини суратга олиб кетишибди. Хонадон эгалари мутахассислар кетгач, яна газ пасайиб кетганини айтишди.

Яқинда, бир мутасадди билан суҳбатлашганимда у киши ўз тизимида виртуал қабулхона ва халқ қабулхонаси ташкил этилгач, мурожаат роса кўпайгани, тизимда муаммолар ҳал қилишга каттиқ киришилганидан сўнг эса арзлар камайиб, фақат кунлик, оддий мурожжатлар қолганини айтганди.

Кўриб турганингиздек, агар ҳар бир ташкилот ўз ишига маъсулият билан қараса, албатта самара беради.

Асакадаги Ж. Румий кўчасида ҳам табиий газ тақсимоти жойига тушиб, аҳоли бу муаммодан халос бўлади деган умиддамиз.   

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид