Ўзбекистон | 19:20 / 18.02.2018
12354
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Мюнхенда Эронга тегишли дронни кўрсатиб, санкциялар жорий этишни талаб қилди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Мюнхенда ўтаётган хавфсизлик бўйича конференцияда Исроил ҳарбий ҳаво кучлари томонидан уриб туширилган Эронга тегишли пилотсиз бошқарилувчи учар қурилмани намойиш этар экан, Теҳронни Исроилнинг сабрини синамасликка чақирди, деб ёзади РИА Новости.

«Ўтган ҳафтада ақл бовар қилмайдиган ҳодиса рўй берди — Эрон пилотсиз қурилмани Исроил ҳудудига йўллади, биз уни йўқ қилишга муваффақ бўлдик», — деган Нетаняҳу, залдагиларга учар қурилманинг бўлакларини намойиш этар экан.

«Эрон дронининг манави бўлакларига қаранг. Мен уни бу ерга олиб келишга қарор қилдим. Жаноб Зариф, уни танияпсизми? Бу сизники. Сиз Эрондаги жоҳилларига менинг хитобимни етказишингиз мумкин — Исроилнинг сабрини синаманглар», — деган у.

Эрон ТИВ вакили Баҳром Қосимий олдинроқ Исроил ҳаводан мудофааланиш қўшинлари томонидан «Эрон пилотсиз қурилмаси»нинг ушлангани ҳақидаги хабарларни кулгили дея баҳолаб, Сурияда шу давлат ҳукуматининг илтимосига кўра Эроннинг фақат ҳарбий маслаҳатчилари ҳозир бўлиб турганини таъкидлаган эди.

Бинямин Нетаняҳу ядро дастурининг ривожига таъсир ўтказиш мақсадида Эронга нисбатан энг қатъий чоралар кўрилишига чақирган.

«Бу қуролнинг ривожланишини тўхтатиш учун энг қатъий санкциялар жорий этилиши керак», — деган Нетаньяху, Мюнхенда ўтаётган 54-хавфсизлик бўйича конференцияда.

У «(Эрон ядро дастури бўйича) битимда ёзиб қўйилган шартлар Эронни бомбадан воз кечишга мажбурлай олишига ишонмаслиги»ни қўшимча қилган.

Эрон ва халқаро воситачилар «олтилиги» (Россия, АҚШ, Буюк Британия, ХХР, Франция, Германия) 2015 йилда Эрон атомининг кўп йиллик муаммосини тартибга солиш ҳақида тарихий битимни тузишган эди: кенг қамровли ҳаракатлар режаси қабул қилинган, Эрондан БМТ ХК, АҚШ ва ЕИ томонидан жорий этилган иқтисодий ва молиявий санкциялар олинган эди. АҚШнинг ҳозирги маъмурияти ушбу битимни кўп танқид остига олади ва уни «АҚШ учун энг ёмон келишув» деб таърифлаб, ундан чиқиш ҳақида бот-бот такрорламоқда.

АЭХА эса, ўз навбатида, Эрон ўз мажбуриятларини сўзсиз бажариб келаётганини ҳар чоракда таъкидлаб келмоқда.

Мавзуга оид