22:11 / 20.02.2018
4534

Саудия Арабистонида боулинг ва бильярд-клублар очишга рухсат берилди

Саудия Арабистони Олимпия қўмитаси раҳбари Турки бин Абдулмуҳсин Ал Шайх Бутунжаҳон боулинг маркази раҳбарияти билан қиролликда биринчи учта боулинг ва бильярд-клублар очилиши ҳақидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда SPA ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Ахборот агентлигининг маълум қилишича, клублар қиролликнинг учта шаҳри: Ар-Риёд, Жидда ва Ад-Даммамда очилади. Келишув дрифт (автомобилларни экстремал бошқариш)  ва бошқа спорт лойиҳалари учун махсус жой ажратилишини ҳам ўз ичига олади. Улар ҳақида кейинроқ маълум қилинади.

Таъкидланишича, келишув қиролликда кўнгил очиш секторини ривожлантириш режаси доирасида имзоланган. 

Саудия Арабистони ҳокимияти тепасига қирол Салмоннинг келиши ва унинг ўғли Муҳаммад бин Салмоннинг валиаҳд шаҳзода этиб тайинланиши билан қиролликда жадал равишда ўзгаришлар юз бера бошлади. Жумладан, аёлларга кўпроқ эркинликлар берилмоқда. Хусусан, уларга машина ҳайдаш ва спорт тадбирларига ташриф буюришга рухсат берилди.  

Top