Спорт | 20:50 / 23.02.2018
48730
2 дақиқада ўқилади

Чемпионларга берилган Президент совғаси учун пул талаб қилингани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Жорий йилнинг 9-27 январь кунлари Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси чемпион бўлган ва бу ғалаба Президент томонидан муносиб баҳоланиб, терма жамоа мураббийлари ва футболчиларга Президент совғаси – Malibu автомобиллари топширилганди. 

Бироз аввалроқ «Озодлик» нашрида «Чемпионларга президент берган «Малибу» совғаси кемтик бўлиб қолдими? Нега президент совғаси учун футболистлардан пул сўралмоқда?» сарлавҳали мақолани эълон қилинди.

ЎФА расмий сайтида U-23 Осиё чемпионларига берилган мукофотлар бўйича расмий Баёнот берилди.

«Шу кунларда турли оммавий ахборот воситаларида Хитойда бўлиб ўтган U-23 Осиё чемпионатида ғолиб чиққан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан берилган мукофотлар – «Малибу» автомашиналари ҳали расмийлаштирилмагани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Ўзбекистон футбол Ассоциацияси мазкур хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилади. Футболчиларга топширилган «Малибу» автомашиналари Президентимизнинг совғалари бўлиб, бу автомашиналар учун қандайдир тўлов талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 

Аксинча, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси футболчиларнинг хаёлини бўлажак мусобақалардан чалғитмаслик, бор эътиборларини машғулотларга қаратишлари учун автомашиналарни футболчилар номига расмийлаштириш билан боғлиқ барча тўловларни ўз зиммасига олган. 

Ўз ўрнида юртимиздаги журналистлар ва мухлисларни бу каби иғво ва бўҳтондан иборат гап-сўзларга учмасликка, маълумотлар ҳаққонийлигини ишончли манбалардан текширишга чақириб қоламиз», дейилган хабарда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид