«Бу итнинг тишлари намунча оқ бўлмаса...»

(Ийсо алайҳисалом)

«Анна Каренина»ни ёзишга ўтиришдан олдин русларнинг буюк адиби Лев Толстой ўша пайтларда ғарбдан кириб келаётган адабиёт ҳақида фикр юритар экан, ўша асарларда бузуқлик ва фаҳшнинг тараннум этилиши борасида ҳам ўз фикрларини ёзади. Черковнинг катта таъсири остида бўлган русларнинг жуда кўпчилиги бу асарлар ёт ғоялар эканини айтар ва жамиятга бўлган зарари ҳақида аюҳаннос солишарди.

«Бир жойда шартли равишда черков ва унинг ёнидаги фоҳишахонани тасаввур қилинг» – дейди у – «агар сиз фоҳишахонага кириб, тўқсон тўққиз фоиз бузуқлик ҳақида ва бир фоиз дин ҳақида ваъз ўқисангиз, бу жойга яхшиликни олиб кирган бўласиз. Чунки, ўша бир фоиз мана шу фоҳишахона учун ёт тушунча ўлароқ кириб келган ва тарғиб қилган бўлади. Аксинча, агар черковга кириб, тўқсон тўққиз фоиз Худодан гапиринг ва бир фоиз бузуқлик ғоялари ҳақида сўзланг – ишонаверинг, сиз бу ерда бузуқлик тарғиби билан шуғулланаётган бўлиб қоласиз».

Яъни, Толстой бу масалага саволни бироз бошқача қўяди: ўша даврдаги рус менталитети «черков»миди ёки «фоҳишахона»? Бошқача қилиб айтганда, бир томчи вино сутни бузади, ароқни эмас...

Аввало, айтиб қўяй, мен ҳам телевизоримнинг ахлоқли бўлишини истайман. Аммо, келинг, бироз реалист бўлайлик, «Севги изтироби»ни тақиқлаш билан телевизоримиз ахлоқли бўлиб қолмади. Умуман, бу тақиқни телевизоримизни ахлоқлироқ қилишдаги кичик бўлса-да, бир қадам сифатида баҳоламаган бўлардим. Барибир, ўша кўрсатувлар, ўшанақароқ сериаллар давом этяпти, буни рад эта олмайсиз.

Бошқа томондан, агар бадиий асар қаҳрамонларининг ҳар бир ҳаракати тарғибот деб баҳоланса, ҳар қандай кинодан айб топиш мумкин. Голливуд, Болливуд, «Маҳаллада дув-дув гап»дан бошлаб, барча ўзбек фильмларини қўйинг, ҳатто исломий ва ахлоқий йўналишдаги адабий муаллифларга ҳам мурожаат қилиш мумкин: Тоҳир Маликнинг «Мурдалар гапирмайдилар» ёки Муҳаммад Нуриллоҳ Рауфхоннинг «Оқ бино оқшомлари»даги хиёнат янада хунукроқ эди, мен сизга айтсам.

Бу майли бошқа мавзу. Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам, тан олишим лозимки, танқид қилган ва тақиқлашни талаб қилган жуда кўпчиликдан фарқли равишда, мен «Севги изтироби» сериалини охиригача кўрганман. Ушбу сериалдаги баъзи саҳналарига эътиборингизни қаратай:

***

Камолнинг отасига тегишли бўлган сартарошхона ёниб кетади. Бу ишни ашаддий душмани бўлган Амир қилган эди. Отанинг аҳволи ёмонлашади, чунки бу сарторошхона унга ҳам отасидан мерос қолган, оилавий анъаналарнинг рамзи эди гўёки. Шунда Камол айтади: