Жаҳон | 10:10 / 24.02.2018
8579
2 дақиқада ўқилади

АҚШ КХДРга қарши санкциялар доирасида янги ишга бел боғлади

Фото: Reuters

АҚШ Осиё-Тинч океани минтақасида КХДРга қарши санкцияларни бузаётган кемаларни тўхтатиб қолишга йўналтирилган чораларни кучайтириш ниятида. Бу ҳақда Reuters АҚШ президенти маъмуриятидаги манбаларга асосан хабар бермоқда.

Таъкидланишича, айни дамда АҚШ бу ҳақда Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Сингапур билан музокаралар олиб бормоқда. Гап анча жиддий назорат ҳақида кетмоқда, у ўз ичига кемаларни «индивидуал асосда» текшириш, шунингдек, Шимолий Кореяга ва ундан тақиқланган юкларни олиб ўтишда гумонланаётган шахсларни ҳибсга олишни қамраб олади.

«Албатта, барчамиз Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга жуда жиддий ниятда эканимизни кўрсатиб қўйишимиз керак. Бунда тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатлардан ташқари, бошқа барча саъй-ҳаракатлар кўрилиши лозим», - дея айтиб ўтди манбалардан бири.

РИА «Новости» хабарига кўра, Пентагон вакили Кристофер Логан КХДРга таъсир кўрсатишнинг аниқ тактикаси, усуллари, жараёнини муҳокама қилишдан бош тортган, бироқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Шимолий Кореяга максимал босим ўтказиш кампаниясини қўллаб-қувватлашда давом этишини тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония АҚШнинг КХДРга қарши санкцияларини қўллаб-қувватлагани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид