Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва турли Интернет сайтларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шу жумладан Миллий хавфсизлик хизмати фаолияти кенг муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 22 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган мурожаатда, мамлакатимизда “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида” қонун қабул қилиниши лозимлигини таъкидлади.

Ушбу мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, мазкур хизмат фаолияти тўғрисида айрим маълумотларни (эҳтимол кўпчилик дуч келган) ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган қонун лойиҳасига таклифларни қисқа ва лўнда шаклда келтирмоқчиман, лекин аслида бу мавзуда бутун бошли диссертация ёзиш ва илмий иш қилиш мумкин.

Биринчи навбатда, мазкур хизматнинг функционал мажбуриятларини кўриб чиқиш лозим. Улар аниқ нима билан шуғулланишади? Балки бу разведка, аксилразведка ва терроризмга қарши кураш бўлар? Ўз навбатида қонун ижодкорлари Ўзбекистон учун “разведка” ва “аксилразведка” тушунчалари нимани англатишига эътибор қаратишлари керак. Турист метро бекатини суратга олмоқда, бир инсон хорижий элчихона вакили билан дўстлашиб, у билан футбол ўйнамоқда, қайсидир вилоятга Европадан 30-40 нафар турист келди ёки кимдир туман ҳокими ҳақида салбий фикр билдирди. Уларни “жосус” ёки “деструктив куч” деб аташ керакми? Айнан шу сабабли ушбу ташкилотга оид барча тушунчаларни ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятларини пухта аниқлаштириш керак. МХХнинг кундалик фаолиятини ҳам ҳисобга олиш лозим – бу ҳарбий фаолиятми (погонлар ва пистолетлар) ёки фуқаролик ишими (ахборот ва таҳлил). Шунингдек, МХХнинг “махфий фаолияти” тушунчасини аниқлаштириб олиш зарур. Агар бу ҳақиқатдан ҳам махсус хизмат ва унинг фаолияти “мутлақо махфий” бўлса, унда улар махфий фаолият олиб боришлари шарт, улар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билиши керак эмас, улар қаерда жойлашган, ишни қандай олиб боришади, қандай машиналарни ҳайдашади (ҳозирда МХХ биноси Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган, “TST” давлат рақам белгили автотранспортлари мавжуд ва ҳоказо), лекин агарда бу ташкилот Россия Федерацияси Тергов Қўмитасининг аналоги бўлса, унда бемалол.

Иккинчидан, “информаторлар” фаолияти. Ҳаммага маълум бир гап бор: “Эҳтиёт бўл, деворнинг ҳам қулоғи бор”. Хизматда информаторлар турлича бўлади. Кимгадир нимадандир ёрдам беришни ёки қандайдир муаммони ҳал этишга ваъда беришган, шунинг учун улар “хизмат”га киришган. Ўйлаймизки, баъзи одамлар аллақачон реал ҳаётни, ўз фуқаролик позицияларини англашлари ва ўзларининг “гап ташувчилик” фаолиятларини тўхтатишлари керак. Қизиғи шундаки, баъзида МХХ вилоят бошқармалари биноси олдидан ўтилаётганда (айниқса Фарғона водийсида), у ерда кўпинча ўзларининг ватандошлари, қўшнилари ёки ҳамкасблари ҳақида навбатдаги ахборотни бериш учун 10-30 нафар киши турган бўлади. Агар бу ахборот содир бўлиши мумкин бўлган теракт ёки хавфли жиноят ҳақида бўлса, тушунарли, лекин кимнингдир ҳамкасби кеча АҚШда яшайдиган укаси билан гаплашгани ёки солиқ инспекцияси ходими ўз хонасида намоз ўқигани миллий хавфсизликка “таҳдид” бўлмаса керак?