Жаҳон | 23:14 / 24.02.2018
6370
2 дақиқада ўқилади

Мисрда президентлик учун сайлов кампанияси бошланди

Фото: AFP

Мисрда 24 февралда март ойида бўлиб ўтадиган президент сайловлари олдидан сайлов кампанияси бошланди. Мисрнинг сайлов комиссияси томондан қабул қилинган жадвалга асосан кампания бир ойга яқин давом этади ва сайлов ўтадиган кундан бир кун аввал – 25 март куни якунланади.

Комиссия 20-29 январь кунлари номзодларни рўйхатга олган ва 24 февралда номзодларнинг якуний рўйхати эълон қилинган. Ундан бор-йўғи икки номзод жой олган. Улар: амалдаги президент Абдул Фаттоҳ ас-Сисий ва носирчи социалист Ҳамдин Саббаҳий. 

Номзодлар сайлов кампанияси ўтказилиши вақтида бир нечта қоидаларга амал қилишлари лозим бўлади. Жумладан, рақибнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигига амал қилиш, ташвиқот вақтида миллий бирдамликка таҳдид солувчи ҳаракатлар амалга оширмаслик, диний шиорлар ёки фуқароларни таҳқирловчи чақириқларни қўлламаслик лозим. 

Конституцияга кўра, ҳар бир номзод кампанияга 20 млн Миср фунтигача (1 млн дан кўпроқ) маблағ сарфлай олади. Ушбу мақсадларда давлат бюджети, давлат секторида фаолият юритувчи компаниялар, ноҳукумат ташкилотлари маблағларидан фойдаланиш қатъиян ман этилади.  

Сайловларда овоз беришни биринчи бўлиб хориждаги мисрликлар бошлаб беришади. Улар 16-18 март кунлари овоз беришади. Мисрнинг ўзида сайловлар 26-28 март кунлари бўлиб ўтади ва унинг натижалари 2 апрелда эълон қилинади. Агар номзодлардан бирортаси зарурий миқдорда овоз тўплай олмаса, 24-26 апрель кунлари иккинчи босқич бўлиб ўтади ва унинг натижалари 1 май куни эълон қилинади.  

Жорий сайлов пойгасининг фаворити ҳисобланувчи амалдаги президент ас-Сисий 2014 йил май ойида илк бор президент лавозимига сайланган ва ўша йилнинг 8 июнидан ушбу лавозимни бажаришга киришган. Бу сайловлар у учун охиргиси бўлади.

Мавзуга оид