Спорт | 23:20 / 25.02.2018
51840
3 дақиқада ўқилади

Бухорода кураш чемпионати. Финалда ака ўз укаси билан беллашишдан бош тортди

25 февраль куни уч кун давомида Бухоро шаҳридаги Олимпия захиралари коллежида ўтган кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати якунига етди. Бу ҳақда «Kun.uz» мухбири хабар бермоқда.

Мусобақаларнинг сўнги кунида оғир вазнли полвонлар гиламга чиқди.

Ўзбекистон чемпионатининг учинчи кунги баҳслари мухлислар билан гавжум бўлди. Боиси, оғир вазндаги полвонларнинг олишувлари ҳар доим ҳам томошабинларнинг эътиборида бўлиб келган. 

Ўзбекистон чемпионатининг якунловчи кунида эркаклар ва 100 кг ва ундан оғир, аёллар ҳам 87 кг ва ундан оғир вазнларда гиламга чиқишди.

Аёллар ўртасидаги биринчи оғир вазнда Хоразм вилояти вакиллари рақибларига нисбатан кучлироқ чиқишди ва Раҳима Йўлдошева олтин, Нодира Жуманиёзова кумуш медални қўлга киритди. Қорақалпоғистонлик Нурсулув Жумамуродова ва навоийлик Гуллола Норқулова совриндорлар қаторидан жой эгаллади.

Ўта оғир вазн тоифасида ҳам финалда сурхондарёлик полвон қизлар ўзаро баҳс олиб боришди. Унда Рината Илматова Соҳибжамол Холиқуловани ҳалол баҳоси билан енгиб чемпион бўлди. Беғам Боимова ҳамда Сожида Савриева шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишди.

Эркаклар ўртасида 100 кг оғирликдаги полвонлар баҳси эҳтиросларга бойлиги билан ажралиб турди. Баъзан, курашчиларнинг ҳаракатларини баҳолашда ҳакамлар ҳайъати ёрдамга келди.

Якун эса янада қизиқ кузатилди. Финалгача барча рақибларини мағлуб этиб келган қашқадарёлик ака-ука Шерали ва Илҳом Жўраев олтин медаль учун баҳс ўтказишмади. Шерали енгилганини гиламда олдиндан тан олиб қўлини кўтарди ва Илҳом Жўраев чемпион бўлди. Самарқандлик полвонлар Дилшод Самадов ва Парвиз Ҳалимов бронза медалларига лойиқ кўрилди.

Ниҳоят, ўта оғир вазндаги финал учрашуви. Спорт мажмуасига сукунат чўкди. Жаҳон ва Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, сурхондарёлик Муҳсин Ҳисомиддинов ва тошкентлик Бекмурод Олтибоев жисмоний жиҳатдан бир-биридан қолишмаслигини гиламда намойиш этишди. Бироқ, ёшлик шижоати ва иштиёқ кучли келиб Олтибоев енгилмас чемпионни мағлуб этган ҳолда Ўзбекистон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди.

Мавзуга оид