Спорт | 19:36 / 03.03.2018
42154
3 дақиқада ўқилади

Мессининг уйи устидан самолётлар парвози тақиқланган - бу қанчалик тўғри?

Барселона шаҳрининг халқаро аэропорти - Эль-Пратни кенгайтириш ишлари Лионель Месси туфайли тўхтаб қолган.

Каталония пойтахтида фаолияти юритадиган Vueling Airlines компанияси раҳбари Хавьер Санчес-Прието айнан шундай деб ҳисобламоқда.

«Янги терминални қуришга рухсат берилмади, чунки Мессининг уйи устидан учиб ўтиш мумкин эмас экан. Бунақасини дунёнинг ҳеч бир жойида кўрмайсиз» - деб норози бўлган эди Санчес-Прието.

Тақиқнинг асосий сабаби сифатида - Гава ва Кастельдефельс ҳудудининг экологик аҳволи ёмонлашиши кўрсатилган. Айнан шу ерда Месси ўз оиласи билан истиқомат қилади.

Аргентиналикнинг уйидан (Белламар райони) аэропортгача 10 км, Барселона марказигача 20 км. 1992 йилда Кастельдефельс олимпиаданинг эшкак эшиш мусобақаларини қабул қилган эди. Бу канал ҳозир ҳам мавжуд.

Кастельдефельс Барселонанинг нуфузли ҳудуди ҳисобланади. Бу ерда кўплаб спорт ва санъат юлдузлари, тадбиркорлар, Мессининг дўстлари, хусусан Луис Суарес, Андре Гомеш ва Филиппе Коутиньо истиқомат қиладилар. Ҳудуддаги уйларнинг нархи ўртача 5 млн евродан бошланади.

Месси 6 йил бурун, Ўртаер денгизи қирғоғидаги яшил тепаликлардан вилла сотиб олган эди. Кейинчалик, уйи атрофидаги ҳудудларни ҳам қўшиб олишга муваффақ бўлди. «Барса» яримҳимоячиси Иван Ракитич гапига кўра, Месси оиласи билан тинч, шовқин-суронсиз яшашни ёқтиради. Шу туфайли, уйи атрофидаги иккита катта ер майдони билан қўшнисининг уйини ҳам сотиб олган. Уларни таъмирлашга камида 2 млн евро сафрланган.

Кастельдефельсда Лео эгалик қиладиган мулкнинг умумий ер майдони 10 гектарга яқиндир: ҳудудда иккита болалар майдончаси, бассейн, машғулотлар зали ва албатта футбол майдони бор. 

Шаҳарча устидан парвоз қилиш ҳақиқатдан ҳам тақиқланган, аммо Месси туфайли эмас. 

Бир неча ҳафта олдин, Испания ҳукумати «Эль-Прат» аэропортининг янги терминалини 2022 йилгача барпо қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу йўловчилар оқимини йилига 47 миллиондан 70 миллионгача ошириш имкониятини бериши керак.

Аэропортнинг ҳозирги конфигурацияси сайёҳлар оқимини бошқаришда қийинчилик туғдирмоқда, Каталония бюджети эса бундан зарар кўряпти. Янги лойиҳа бўйича, қўшимча қўниш йўлакларини ҳам барпо этиш кўзда тутилган. Чунки ҳозирги йўлаклар денгиз қирғоғида жойлашган бўлиб, самолётлар асосан денгиз томондан қўнишга мажбур бўляпти. Бу ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Гава ва Кастельдефельс устидан парвоз қилишни тақиқлаш ҳақидаги қарор Мессининг оиласи бу ерга кўчиб ўтишидан анча олдин қабул қилинган ва Санчес-Прието буни аниқ билади.

Ҳамма гап шовқин ва ифлосланиш меъёрларига риоя қилиниши билан боғлиқ. Авиакомпания рейслари айнан шу талаблар асосида тузиб чиқилади. Маҳаллий аҳоли учун бу жуда ёқимсиз муаммо. Масалан, денгиз томондан кучли шамол эсган ҳолатларда, машҳур одамларга самолётларнинг шовқинига чидаш осон бўлмайди.

Мавзуга оид