«Сити»да янги дарвозабон қовун туширди. «Арсенал» 5 та жавобсиз гол уриб, АПЛда турнир жадвали пешқадамига айланди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Фото: NurPhoto via Getty ImagesФото: NurPhoto via Getty Images
«Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» дастлабки турдаги ўйинлари билан катта таассурот қолдирганди. Иккинчи тур эса «шаҳарликлар»да қайта қуриш даври ҳамон муаммолар билан кечаётганини кўрсатиб қўйди. Таркиб ҳали оптимал ҳолатда эмаслиги инобатга олинган тақдирда ҳам (Фоден ва Родри клублар мундиалидаги жароҳатидан энди тузалмоқда, улар фақат захирадан майдонга тушишди, Гвардиол, Ковачич ва Савинио эса ҳамон лазаретда), жамоа олдинга даражасига қайтишдан анча йироқ.
Томас Франк эса «Тоттенҳэм»да ўз жамоасини муваффақият билан қурмоқда. Даниялик мутахассис қисқа вақт ичида Ангелос Постекоглу давридаги анархиядан буткул халос бўлган. «Шпорлар»нинг янги устози Ришарлисонни ўйнатиб юборди, янги футболчилар Жоау Палиня ва Қуддус ҳам жамоага яхши қўшилиб кетди, Спенс эса чап қанот латерали ролида ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда.
Ўтган турда «Вулверҳэмптон»ни сафарда йирик ҳисобда (4:0) мағлуб этган «Сити» турнир жадвали пешқадами бўлиб олганди, аммо ўзи учун ноқулай ҳисобланган «Тоттенҳэм»га яна ютқазди (Гвардиола бошқаруви даврида 10-мағлубият). 35-дақиқада Ришарлисон қанотдан Жонсонга узатма берди ва у яқин масофадан Траффорд дарвозасини ишғол этди.
Бироз ўтиб «Сити» жуда оғир аҳволга тушиб қолиши мумкин эди, 39-дақиқада Траффорд жарима майдони ташқарисига чиқиб, тўп учун кураш чоғида Қуддуснинг кўкрак соҳасига тиззаси билан зарба берди, етманига тўпни қўли билан ўйнади. Бу ҳолатда бош ҳакам дарвозабонни майдонда четлатишга ҳақли эди, аммо бундай қарорга келмади, VAR ҳам вазиятга аралашмади.
Танаффус арафасида эса ушбу дарвозабон барибир жамоасини ноқулай аҳволга солиб қўйди. У жарима майони ичида Сарр томонидан прессинг қилиб турилган Нико Гонсалесга тўп узатди, меҳмонлар тўпни олиб қўйди ва Палинянинг кучли зарбаси рикошет орқали дарвоза тўрига келиб тушди.
Мавзуга оид
«Шпорлар» иккинчи бўлимда шу ҳисобни сақлаб қолишди ва икки ўйинда юз фоизлик натижа (тўплар нисбати 5:0) қайд этган ҳолда турнир жадвали пешқадами бўлиб олишди. Лондонликлар қаторасига иккинчи мавсумда «Сити»ни сафарда мағлуб этмоқда. Франк эса бунгача фақат Жозе Моуринио ва Антонио Конте уддалаган ишни уддалади. Айнан ушбу мутахассислар АПЛда Хосеп Гвардиолани турли икки жамоа бошқарувида мағлуб этишганди.
«Тоттенҳэм» биринчи ўринни узоқ вақт ўзида сақлаб қола олмади, бир неча соат ўтиб бу ўринни «Арсенал» эгаллади. Лекин биринчи голгача «Лидс» мудофааси матонат кўрсатиб турди. Аммо 34-дақиқада «канонирлар» бурчак тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Райс жарима майдони марказига узатма берди, ҳимоячи Тимбер тўпни дарвоза бурчагига йўналтирди. Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Сака урган гол эса амалда меҳмонларни таслим қилди.
Ўйиннинг иккинчи бўлимида «Эмирейтс»да йиғилган мухлислар Йокереш стилида гол нишонлашди. Ҳолбуки танаффус арафасида кўпчилик уни қулай имкониятдан фойдалана олмагани учун масхара қилаётганди, аммо швециялик ҳужумчи иккинчи уринишда янги жамоасидаги илк голини урганида барча бу ҳақда унутди. Ва айнан у ўйин тугаши арафасида пеналтидан дублни расмийлаштириб, «Арсенал» турнир жадвалида яккапешқадам бўлиб олишини таъминлади.
Бу пеналтини эса трибуналардаги ҳайқириқлар остида майдонга тушиб келган Доуман ишлаб берганди.
Қайд этиш керакки, 15 ёшли дебютант клуб рекордини ўрната олмади, чунки Нванери АПЛдаги илк ўйинида майдонга тушганида, ундан 36 кунга каттароқ бўлган. Нванери эса шу куни биринчи бўлимдаёқ жароҳат олган Эдегор ўрнига туширилганди. Ва бу Микел Артетанинг кўнглини ғаш қилган ягона воқеа бўлиб қолмади, иккинчи бўлим бошида жамоанинг яна бир етакчиси Сака ҳам жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлди.
«Барселона» сегундадан қайтган «Леванте» майдонида биринчи бўлимдаёқ ўтказиб юборган икки гол — уикенддаги энг кутилмаган воқеа бўлди. Аммо бу ҳукм эмасди. Ўтган мавсум давомида ҳам кўк-анорранглилар бир неча бор бундай ҳолатга тушиб қолишган ва нафақат ўйинни ўзгартирган, балки ғалаба ҳам қозонганди. Нафақат «Селта» каби ўртамиёна жамоалар (4:3), балки энг номдор рақиблар — «Атлетико» (4:2) ва «Реал» (4:3) ҳам ушбу жамоага қарши икки гол устунлиги ҳали ҳеч нарсани кафолатламаслигига амин бўлишганди. Умуман олганда, навбати билан қаҳрамонлик кўрсатиш Ҳанси Флик шогирдлари учун — одатий ишга айланиб қолмоқда.
Агар бунга кимдир шубҳа билан қараса, иккинчи бўлим бошидаги етти дақиқаликка қарасин, каталонияликлар шу вақт оралиғида икки тўп фарқини йўққа чиқаришди. Меҳмонлар сафида Гави ва Дани Олмо (улар танаффусда Касадо ва Рэшфордни алмаштиришди) ҳал қилувчи ишни бажаришди. Голларни эса илк дақиқалардан майдонда бўлган футболчилар уришди. Педри узоқ масофадан йўллаган ажойиб зарбаси билан «тўққизлик»ни нишонга олди, Ферран Торрес эса бурчакдан тўп оширилганида барчадан илдамроқ ҳаракат қилди. Бу голлар валенсияликларни синдириб қўйгандек кўринганди, аммо жамоа ўйин охирига қадар чидаб берди. Қолаверса, Жоан Гарсия ҳам жамоасини қутқаришига тўғри келди. Аммо «Барса»нинг чемпионлик сеҳри ҳеч қаерга йўқолмаганди ва ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг биринчисида Ямалнинг зарбасидан кейин рақиб ҳимоячиси ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Шоу бу мавсумда ҳам давом этади.
Амалдаги чемпионлар титул ҳимоясини А серияга қайтган «Сассуоло» майдонидаги ўйин билан бошлади. Ва ғалабага йўлни ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси Мактоминай бошлаб берди, шотландиялик яримҳимоячи Политанонинг узатмасидан кейин тўпни дарвоза тўрига тўғрилаб юборди. Аммо ўйиннинг асосий воқеаси — Де Брюйненинг Италиядаги премераси бўлди. У ўйин бошланиши биланоқ «Наполи» тарихига кирди, уч очколик тизимга ўтилган даврда ҳеч бир футболчи бу қадар катта ёшда (34 йил-у 56 кунлик) ушбу клуб сафида дебют қилмаганди. У ўз дебютини гол билан безади: белгиялик яримҳимоячи жарима зарбасидан узатма берганида тўп ҳеч кимга тегмасдан дарвоза тўрига кириб кетди.
Жан Перо Гасперини «Рома»даги премераси аввалбошдан ўзига хос эди. 67 ёшли мутахассис учун бу А сериядаги 600-ўйин ҳисобланарди ва энди у клубда Карло Маццоне (792 ўйин), Нерио Рокко (747), Жованни Трапаттони (689) ва Нилс Линдҳолм (635) билан бир даврага киради. У ушбу рўйхатда мавсум охирига қадар тўртинчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин. Ҳозирча эса Римнинг сариқ-қизил қисми янги футболчилари билан танишмоқда. Биринчи бўлимда ирландиялик ҳужумчи Фергюсон ажралиб турди, унинг бошда йўллаган зарбаларидан бири голга айланишига бир бахя қолди. Кристантенинг зарбаси эса дарвоза тўсинидан қайтди. Иккинчи бўлимда эса шу ёзда «Фламенго»дан 25 миллион еврога харид қилинган латерал Уэсли Винисиус ўз номини таблога ёздириб қўйди. «Болоня» эса муваффақиятсизликни Чиро Иммобиле сафдан чиққани билан изоҳлаши мумкин, тажрибали ҳужумчиси биринчи бўлимнинг 30-дақиқасидаёқ алмаштирилди.