Инглиз клублари трансфер бозорини остин-устун қилаётган бир пайтда Испаниянинг икки гранди хотиржам тарзда мавсумга тайёргарлик кўрди. Бу сафарги Испания чемпионати, хусусан класикодаги рақобат аввалгилардан ортиқ бўлса бўладики, кам бўлмаслиги тайин. Тизимлашиш йўлидаги «Реал», мукаммал мавсумни такрорлаш илинжидаги «Барселона» ёзда нималар билан шуғулланди? Қуйида championat.com материали маълумотлари асосида ушбу мавзуга чуқурроқ кирилди.

Ўтган мавсумда «Барселона» Испанияда барча совринларни ўзиники қилиб, Чемпионлар Лигаси финалига бир қадам етмай қолганди. «Реал» эса фақат кичик совринлар билан кифояланди – УЕФА Суперкубоги ҳамда Қитъалараро кубок. Клуб Испанияда барча совринларни «Барселона»га бой берди, Чемпионлар Лигасида «Арсенал» қаршисида яққол ожиз қолди.

Бу фарқ трансфер ойнасида ҳам сезилмоқда. «Барселона» фақат кичик «косметик» ўзгаришларга қўл ураётган бўлса, «Реал» капитал таъмирни бошлаб юборган. Айни дамда «Реал» сокин кўринаётган бўлса-да, асосий трансферларни клуб эртароқ, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан аввал амалга оширганди, табиийки, Ҳаби Алонсо келганини ҳам ҳисобга олиш керак. Ушбу мутахассис Карло Анчелоттидан тубдан фарқ қилади. Умуман, «Реал» ва тизимли мураббий тушунчаси анчадан бери биргаликда тилга олинмаётганди.

Янги мавсумда бу икки гранддан нималарни кутиш мумкин? Трансфер ойнаси ёпилгунча яна янгиликлар бўладими? Қуйида шу ҳақида.

Мадридда катта ислоҳотлар

Карло Анчелотти, шубҳасиз, буюк мураббий, «Реал» учун жуда кўп ишларни амалга ошира олган. Аммо сўнгги мавсумларда кўриндики, жамоага янги ғоялар жуда зарур. Испанияда жуда ҳам пастга қулашнинг иложи йўқ, «Реал»нинг таркиби бунга йўл қўймайди. Аммо алоҳида топ-ўйинларда ва баъзи яхши тизимлашган жамоаларга қарши ўйинларда «Реал»да муаммолар тез-тез кўзга ташлана бошлади. Индивидуал маҳорат эвазига ўйинларни, ҳатто катта турнирларни ютиш мумкин, буни айниқса «Реал» жуда яхши билса-да, барибир бу йўл билан муваффақиятни барқарор йўлга қўйиш қийин. Мухлислар ҳам фақат айрим юлдузлардан мўъжиза кутиб ўтиришдан кўра, «Реал»нинг рақиблардан ҳар жабҳада устунлигини кўришни хоҳлашади.