Жамият | 22:40 / 04.03.2018
31797
3 дақиқада ўқилади

Хоразмлик талаба Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб берди

Фото: Azon.uz

3 март куни Урганч шаҳридаги Фахриддин Ар-Розий мадрасасининг "Таҳфизул Қуръон" гуруҳида ўқиётган талаба Абдурраҳмон қори Мамадалиев мусобақага тайёрланиш жараёнида 30 пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда (намозга, таомланишга, таҳоратга чиқишлар мустасно) ёддан устозлари Толибжон ва Муҳаммадсиддиқ домлаларга луқма олмасдан ўқиб берди. Бу ҳақда мадраса мударриси Неъматулло қори Аминжон эшон маълум қилди, дейилади Azon.uz сайтида.

Мударриснинг қайд этишича, бу яқин юз йилда Хоразмда кузатилмаган ҳолат бўлса ажаб эмас. Сабаби Хоразмнинг қадим Хива мадрасасида ўқиган сўнгги талаба қориларидан Нурулло қори бува Хива хонининг олдида ўттиз порани ўқиб берганини вафотларидан олдин дадам билан дуоларини олгани борганимизда (бир сенга қори бувани дуоларини олиб берай деб бундан йигирма беш йилларча олдин, оборгандилар) гапириб берганлар, (100 ёшларга кириб вафот этгандилар) у пайтлари мадрасани тугатиб қори бўлган талабалар хонни олдида устозига ўқиб бериб имтиҳондан ўтар эканлар.

Президент ташаббуси билан ўтаётган Қуръон мусобақасига нафақат Хоразм, балки юртимизнинг барча гўшаларида мусобақага тайёрланаётган қанчадан-қанча йигит ва қизлар туну кун Қуръон ўқиб, юртга баракотлар ёғилишига сабаб бўлишяпти.

Энди юртимиздаги шу мусобақага тайёрланиб, Қуръон ўқиётган минглаган Қориларнинг Қуръони сабабидан, юртимизга қанчадан қанча Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари ёғилаётганини, сакийна ва фаришталар тушаётганини, савоблар, яхшиликлар тушаётганини бир тасаввур қилиб кўринг. Ким бир эзгу ишни биринчи бўлиб бошласа ёки ташаббус қилиб сабабчи бўлса, ўша савобли ишни қилганларга қанча савоб берилаётган бўлса, Аллоҳ таоло у ишни бошлаб берган ё ташаббус кўрсатган инсонга ҳам ҳеч қандай камайтирилмасдан ўша савобдан номаи аъмолига савоб ёздирар экан. Илоҳим, бундай мусобақалар бардавом бўлаверсин, дея сўзини якунлайди мадраса мударриси Неъматулло қори Аминжон эшон.

Мавзуга оид