Жаҳон | 23:40 / 04.03.2018
8588
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Мисрга 3 кунлик ташрифини бошлади

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 4 март куни Мисрга 3 кунлик сафарини бошлади. Унинг Қоҳира халқаро аэропортига келиши Миср телевидениеси томонидан намойиш қилинган. Шаҳзодани шахсан Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисий кутиб олган. 

фото: arabnews.com

Қоҳира Муҳаммад бин Салмон 2017 йил июнда отаси қирол Салмон томонидан валиаҳд шаҳзода этиб тайинлангандан кейин илк хорижий сафарининг биринчи тўхташ жойи бўлди. Кейинроқ у Буюк Британия ва АҚШга сафар амалга оширмоқчи.

Ташриф давомида шаҳзода ас-Сисий билан музокаралар ўтказади. Музокараларда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, Яқин Шарқдаги тўхтамаётган можаролар, террорчилик хавфи ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, учрашувда муҳокама қилинадиган асосий мавзулар Фаластин масаласи ҳамда “Эроннинг араб давлатлари ички ишларига аралашуви ва ундан хавфсизликка билдирилаётган таҳдидлар” бўлади.  

5 март куни шаҳзода Мисрнинг копт христианлари бош ибодатхонаси – Қоҳирадаги Авлиё Марк черковига ташриф буюради. У, шунингдек, дунёдаги энг йирик ислом университети – Ал-Азҳарда, Миср парламентида бўлади ҳамда Мисрда амалга оширилаётган бир қатор йирик иқтисодий лойиҳаларга сафар уюштиради.   

Мисрнинг бир қатор оммавий ахборот воситалари саудиялик шаҳзода Қоҳирада 7 март куни Араб давлатлари лигасига аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари билан лиганинг 149-йиғилишида Ар-Риёдда март ойининг 2-ярмида ўтказилиши режалаштирилган 29-саммитга тайёргарлик мақсадида учрашувлар ўтказмоқчилигини маълум қилишганди.

фото: arabnews.com
фото: arabnews.com
фото: arabnews.com

Муҳаммад бин Салмон 1985 йил 31 августда туғилган. У қирол Салмоннинг 3-рафиқаси Фаҳда бинт Фалаҳ ибн Султон ал Ҳитлаёндан фарзанди ҳисобланади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид