Уйи бўлиб уйсиз қолган жабрдийданинг бошидан кечирганлари
Таҳририятимизга Юнусобод тумани, “Биллур” МФЙ, 4-мавзе, 34-уй, 46-хонадонда яшаб келган оила бошлиғи мурожаат қилди. Тўлқин Ҳасанов 2017 йилнинг 12 декабрь, қишнинг қаҳратон совуқ кунида оиласи билан истиқомат қилиб келаётган хонадондан кўчишга мажбур булганини таъкидлади ҳамда ушбу муаммони жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишни сўради.
Т.Ҳасановнинг сўзларига кўра, у мазкур хонадонда 1996 йилдан бери истиқомат қилиб келади. Буни ушбу уйда яшовчи қўшнилар, уй бошлиғи, “Биллур” МФЙ раиси А.Раҳматов томонидан имзоланган маълумотномалар ҳам тасдиқлайди. Унинг 2 нафар фарзанди шу мавзедаги 302-мактабда аъло баҳоларга таҳсил олиб келмоқда. Бир фарзанди “логоневроз” ташхиси билан яқин орадаги мактабгача таълим муассасасига қатнайди.
Муаммо бўйича изоҳ сўраб маҳалла раиси Аҳатилла Раҳматов ва Т.Ҳасанов яшаб келган уй бошлиғи Ёқутхон Қаюмхўжаева билан ҳам учрашдик.
Т. Ҳасанов мазкур хонадонда 1996 йилдан буён эътирозсиз яшаб келаётгани ҳамда ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келаётгани боис, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасига мувофиқ қонунан мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келган. Фуқаролик кодексининг 187-моддасида шундай дейилади:
“Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат
Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат)”.
Айтиш мумкинки, Тўлқин Ҳасанов юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда хонадонни хусусийлаштириш ҳуқуқига аллақачон эга бўлган. 21 йил мобайнида ушбу квартира бўйича барча коммунал тўловларни ўз вақтида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз тўлаб келган. Шу давр ичида ҳеч ким “сен ва оиланг бу ерда ноқонуний яшаяпсан” демаган.
Ҳукумат қарори билан барча тураржойлар инвентаризациядан ўтказилиши муносабати билан 2016 йил охирида ушбу уйга эгалик ҳуқуқи кадастр бўлимида рўйхатдан ўтказилмагани аниқ бўлгач, Юнусобод тумани уй-жойдан фойдаланиш бўлими эгасиз деб топилган уйлар ва квартиралар рўйхатига сўз кетаётган квартирани ҳам қўшиб юборган. Буни ҳокимлик уй-жой бўлимида ишлаб кетган, эгасиз деб топилган уй ва квартиралар рўйхатини тузган собиқ мулозим (унинг исм-шарифи, қайси лавозимда ишлагани KUN.UZ’га маълум) тасдиқлади.
Т.Ҳасановнинг сўзларига кўра, мазкур квартира Юнусобод тумани ҳокимининг 2017 йил 3 январдаги 02-Ф-сонли фармойиши билан туман ҳокимлигининг ҳисобига олинган. Эътиборингизни айни шу нарсага қаратишни хоҳлар эдик. Чунки муаммонинг мағзи айни шу ерда. Айтайлик, мазкур квартира Юнусобод тумани ҳокимлигига қарашли бўлса, нима учун у фақат 2017 йил 3 январда ҳисобга олинмоқда? Бу шу вақтгача мазкур уйнинг ҳеч бир идора тасарруфида бўлмаганини тасдиқлайди.
Яна ҳам тўғрироғи, квартира 1988 йилда ҳарбий қисм ордери асосида Гареев Сергей Сахиповичга оиласи билан бирга истиқомат қилиши учун берилган. Гареев 1996 йилда Ўзбекистондан кетишдан аввал хонадонни Т.Ҳасановга сотган. Бироқ Т.Ҳасанов ўз эътиборсизлиги туфайли квартирани қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирмаган.
Бироқ у барча тўловларни ўз вақтида, масъулиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда тўлаб келган бўлса-да, қолаверса, унинг шу хонадонда 22 йилдан буён истиқомат қилиб келаётганини тасдиқловчи далиллар етарли бўлишига қарамай, хонадонни Т.Ҳасанов номига расмийлаштириш пайсалга солиб келган. Бунинг оқибатида суд қарори билан Т.Ҳасанов ва унинг турмуш ўртоғи, 4 нафар вояга етмаган, шулардан бири касалманд бўлган фарзандлари уй-жой берилмасдан мажбурий тарзда кўчирилмоқда, улар кўчада қолмоқда. Аъло баҳоларга ўқиб келаётган, шу юрт келажагига ҳисса қўшиши мумкин бўлган фарзандлари ҳам бундай зарбадан азият чекмоқда. Тўлқин ака қайси идоранинг эшигини қоқмасин, рад этилмоқда.
Айни вақтда 4 фарзанди, хотини билан ижарада туришга мажбур қилинган Тўлқин ака Қашқадарёга кетай деса, бир неча укалари оилалари билан бир уйда истиқомат қилиши устига ўзи ҳам бола-чақаси билан боришини тасаввур қила олмаяпти. Тошкентда бир хонали бўлса-да квартира (3 қиз ва бир ўғли бор) харид қилиш учун моддий имконияти етарли эмас. Шундай экан, Тўлқин ака дуч келган муаммони ким ҳал қилиб бера олади? Унинг додини ким эшитади?
Мавзуга оид
15:09 / 21.05.2024
Юнусободда ниқоб таққан ҳолда дарахт кесган шахслар 5 суткага қамалди
12:11 / 06.05.2024
Кимнидир босиб қолиши керакми? Юнусободда “замҳоким”нинг ҳам “тиши ўтмаётган” масала ҳақида
12:57 / 05.05.2024
Тошкентдаги боғчада болаларни қўрқитиб, қўполлик қилган тарбиячи ишдан олинди
19:19 / 16.04.2024