Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси фаолияти тубдан такомиллаштирилади
Президентнинг 1.03.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3578-сон қарори эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.
Тармоқ бошқарувини қайта таркиблаш
«Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг ер қаъридан фойдаланишни назорат қилиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича функциялари Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига (Геология давлат қўмитаси) ўтказилди. Қўмита тузилмасида штат бирлиги 56 ходимдан иборат Тоғ-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси (Инспекция) ташкил этилди. Инспекция:
• ер ости бойликларини геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш (чучук, минерал, термал ва саноат ер ости сувлари ҳам киради), минерал хом ашёни қайта ишлаш, шунингдек тоғ ишларини геолог-маркшейдерлик таъминотида ер қаъридан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва меъёрий ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
• фойдали қазилмалар захираларини тасдиқлашда ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари давлат комиссияси қабул қилган қарорлар ва хулосаларга амал қилинишини назорат қилади;
• қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чораларини қўллаган ҳолда, минерал хом ашёларни қазиб олиш ва қайта ишлашда фойдали қазилмаларнинг нормадан ортиқча йўқотилиши ҳолларини аниқлайди.
Рухсат бериш таомиллари такомиллаштирилади
1.04.2018 йилдан бошлаб ер ости сувларидан махсус фойдаланиш ва ер ости сувини махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома Геология давлат қўмитасининг ҳудудий гидрогеологик станциялари томонидан «ягона дарча» тамойили асосида берилади.
1.08.2018 йилдан ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар Давлат геология қўмитаси томонидан берилади (фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш учун ер ости участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялардан ташқари, улар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан берилади). Бунда кенг тарқалган фойдали қазилмалар борасида лицензиялаш «ягона дарча» тамойили бўйича амалга оширилади.
Таъкидлаб ўтамиз, айни вақтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таркибида норуда фойдали қазилмалари бўлган ер ости участкаларидан фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш комиссияси тугатилди.
Мазкур санадан бошлаб ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан белгиланган тартибда тақдим этиладиган тоғ ишларини ривожлантириш режаларини келишиш, шунингдек кейинчалик Давлат геология қўмитасининг Давлат геология жамғармасига юбориладиган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳажмлари тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни қабул қилиш қуйидаги конлар бўйича амалга оширилади:
• норуда фойдали қазилмалари конлари бўйича – Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;
• рудали фойдали қазилмалар ва углеводород конлари бўйича – Инспекция томонидан.
1.04.2018 йилдан бошлаб Минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта ишлаш йиллик Давлат дастурлари доирасида Давлат геология қўмитаси ва унинг идоравий ташкилотлари томонидан ўтказиладиган геология ишлари (хизматлари) ҚҚС бўйича солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди.
Қарорда қатор ташкилий масалалар ҳам ўз ечимини топди.
Ҳужжат 1.03.2018 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
18:41 / 23.06.2026
Ўзбекистонда 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди
20:05 / 09.06.2026
Президентга тоғ-кон саноати ва геологияда рақамли технологияларни жорий қилиш режалари тақдим этилди
11:51 / 22.05.2026
ИИВ, Адлия ва Тоғ-кон вазирлиги — давлат бошқарувидаги энг илғор идоралар
22:05 / 04.04.2026