Ўзбекистон | 20:05
405
4 дақиқада ўқилади

Президентга тоғ-кон саноати ва геологияда рақамли технологияларни жорий қилиш режалари тақдим этилди

Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни тоғ-кон саноати ва геология соҳасида рақамли ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда қайд қилинишича, мамлакат иқтисодиётида тоғ-кон саноати ва геология тармоғи муҳим ўрин тутади. 2025 йилда жами саноат маҳсулотининг 20 фоизи ушбу соҳа корхоналари ҳиссасига тўғри келди. Уларнинг бюджетга тушумлари 118,5 триллион сўмни ташкил этди.

Келгуси беш йилда олтин захирасини қўшимча 879 тоннага, кумушни 510 тоннага, мисни 676 минг тоннага ошириш бўйича ишлар бошлангани қайд этилди.

Сунъий интеллект технологиялари геологик маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, қазилма бойликларни прогнозлаш, захираларни аниқ ҳисоблаш ва бурғилаш ишлари самарадорлигини ошириш имконини беради. Шу мақсадда геология-қидирув жараёнларининг барча босқичларига сунъий интеллект ечимларини жорий этиш режалаштирилган.

Президент бунинг учун соҳада технологик трансформацияни янги босқичга олиб чиқиш, ишлаб чиқариш жараёнларини сунъий интеллект ёрдамида бошқариш ва таҳлил қилиш тизимини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Тоғ-кон саноати ва геологияда хариталар, қидирув натижалари, бурғилаш маълумотлари, лаборатория таҳлиллари ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари каби жуда катта ҳажмдаги маълумотлар шаклланади. Уларни ягона электрон базага жамлаш, тезкор қидириш ва 3D моделлар орқали таҳлил қилиш янги конларни аниқлаш имкониятини оширади.

Бунинг натижасида таннархни 10 фоизга камайтириш, янги конларни очиш муддатини 2 карра қисқартириш, инвесторларга тақдим этиладиган таклифлар сонини 4 баробар ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Тақдимотда 2030 йилгача геология ва тоғ-кон саноатига 30 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилиш мақсад қилингани таъкидланди. Бунинг учун, аввало, инвесторлар талаб қилаётган сифатли ва ишончли рақамли маълумотлар базасини шакллантириш зарур.

Шу муносабат билан Геологик маълумотлар миллий базасини яратиш таклиф қилинди. Мазкур жараёнда “Технологик трансформация маркази” ташкил этилиб, мавжуд 36 мингдан ортиқ ҳисоботлар ва бирламчи маълумотлар рақамли кўринишга ўтказилади. Натижада геологик маълумотларни шакллантириш, конларни моделлаш ва захираларни ҳисоблаш жараёни 2 карра тезлашади.

Тақдимотда 2026-2030 йилларда геология соҳасида ҳамда 6 та йирик корхона – “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Навоийуран”, “Ўзметкомбинат”, “Ўзбеккўмир” ҳамда “Ўзбекистон технологик металлар комбинати”да сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича жами 44 та лойиҳани амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берилди.

Ушбу лойиҳалар беш асосий йўналишни қамраб олади: ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, корпоратив бошқарувни рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, меҳнат ва саноат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кон-геология ишларини рақамли трансформация қилиш.

Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида операцион самарадорлик 7 фоизга, техника ва ускуналар ишончлилиги 20 фоизга, энергия самарадорлиги эса 8 фоизга ошиши кутилмоқда. Шунингдек, инсон омили билан боғлиқ хато ва хавфлар 15 фоизга камайиши мумкин.

Кейинчалик ушбу ечимларни патентлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга тоғ-кон саноати корхоналари бизнес-режаларини тузишда ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурслари самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирларни киритиш, технологик ва сунъий интеллект лойиҳалари бўйича алоҳида дастурларни тасдиқлаб бориш топширилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид