Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Месси интригани ўлдирди, «Атлетико»да сўнгги умид. Испанияда тур ўйинлари
«Трибуна» Испания чемпионатининг 27-туридаги асосий воқеаларни келтиради.
«Атлетико» курашдан чиқди

Барчаси Симеоне шогирдларининг ўз қўлида эди. «Барселона»нинг кетма-кет дурангларидан кейин «Атлетико» 11 очколик фарқни 5 очкогача қисқартира олганди. Жамоаларнинг ўзаро учрашувида ўртага чемпионлик масаласи тикилганди. Лекин жамоанинг охирги ўйинларида «қутурган» Гризманн ҳам, Диего Коста ҳам кўк-анорранглиларга айтарли муаммо туғдира олишмади.
«Барселона» ўйинни назорат қилди, Пике ва Умтити жарима майдонига бораётган барча тўпларни қайтариб туришди, Тер Штеген зерикиш билан банд бўлди, рақиб жамоа дарвозасига эса Месси юбилей голини урди (600). Унинг жарима нуқтасидан йўллаган зарбаси Ла Лиганинг энг яхши дарвозабони Облак учун ҳам жумбоқлигича қолди.
Бу гол ўйинда ягоналигини сақлаб қолди, Вальверде ўз мураббийлик фаолиятида илк марта Симеоне устидан зафар қучди, аргентиналик мутахассис эса каталонияликлар жамоасига қарши нохуш сериясини давом эттирди (13 ўйинда 4 дуранг ва 9 мағлубият). «Атлетико» энди «Барселона»дан 8 очко ортда қолмоқда ва чемпионлик масаласи амалда ҳал бўлди. Ла Лига тарихида чемпионат якунига 11 тур қолганида бундай фарқни ҳали ҳеч бир жамоа йўққа чиқариб, чемпион бўла олмаган. «Атлетико» энди фақат Европа Лигасида соврин ютишга умид қилиши мумкин.
Роналдунинг уйғониши
«Реал»нинг португалиялик етакчиси мавсумнинг биринчи қисмидаги муваффақиятсизликлардан кейин ўзига хос қайтиш қилди - у 2018 йилда барча турнирлар доирасидаги 8та ўйинда майдонга тушиб, 14 гол уришга улгурди, 3та голга узатма берди. Шанба куни унинг «Хетафе»га урган икки голи чемпионатдаги осон ғалабани таъминлади. Икки гол ҳам унинг учун юбилей голлар бўлди, биринчиси Ла Лигадаги 300-гол бўлди, у бундай натижага Мессидан анча тез эришди (Роналдуга бу натижани қайд этиш учун 286 ўйин кифоя қилди, Месси 334 ўйинда 300 гол урганди). Унинг иккинчи голи эса Ла Лига ўйинларида бош билан урган 50-голи бўлди. «Хетафе» дарвозасига яна бир голни Гарет Бэйл урганди, унинг учун бу ўйин Испания чемпионатидаги 117-ўйин бўлди ва у энди Испания чемпионатида энг кўп ўйин ўтказган британияликка айланди (Бекҳэмнинг натижаси 116 ўйин, Гари Линекерда 103 ўйин). 2017-2018 йилги мавсумда Бэйл 8 гол урди, у ўтган мавсум давомида 7 гол урганди.
Дзадза - 3 ойдаги биринчи гол

Кузда Симоне Дзадзанинг елкасидан улкан тош қулаган, унинг оёқларидаги занжир ечилгандек тасаввур пайдо бўлганди. У Испания чемпионатининг дастлабки 10 ўйинида 9 гол урганди (бу унинг аввалги мавсум давомида урган барча голлари сонидан иккита кўп эди). Италиялик ҳужумчи «Валенсия»нинг Испания чемпионати ўйинларида қаторасига 6 ўйинда гол урган учинчи футболчисига айланди. У ноябрь ойи бошида «Леганес» дарвозасини ишғол этиб жамоанинг афсонавий футболчиси Эдмундо Суарес томонидан 1944 йилда ўрнатилган рекордни такрорлади. Аммо Дзадза жамоа рекордига эриша олмади, у кўп вақт давомида гол урмай қўйди - кейинги 4 ойда у фақат 2 гол ура олди. Буларнинг биринчиси 9 декабрь куни, иккинчиси 4 март куни «Бетис»га қарши ўйиндаги ғалаба голи (2:0).
Кейинги 3 ойдаги илк голдан кейин Дзадзанинг ўйини очилиб кетса, «Валенсия» 3-ўрин учун «Реал» билан беллаша олиши мумкин бўлади. Айни вақтда жамоанинг бошқа бир ҳужумчиси Санти Мина жароҳат олган ва Дзадзанинг ёрдами жуда зарур. У чемпионат давомида яна бир гол уриш орқали ўзининг шахсий рекордини янгилаши мумкин, айни вақтда унинг ҳисобида жорий мавсумда урилган голлар сони 11тага етди, бундай натижани у аввалроқ «Сассуоло» таркибида ҳам қайд этган (2014/15).
«Жирона» - сегундадан еврокубоклар сари
Бундай жамоаларни Испанияда «» дея номлашади (грандлар учун мих). «Жирона» бу мавсумда «Атлетико»дан икки ўйинда ҳам очко олди (2:2, 1:1), «Реал»ни ўз майдонида енгди (2:1). Янги йил бошидан бери каталонияликлар жамоаси чемпионатнинг 9 ўйинида 17 очко (27 имкониятдан) олишди ва еврокубокларга бир қадам (7 ўрин, 6-ўрин билан фарқ 1 очко) қолди. Испания Примерасида дебют мавсумни ўтказаётган Пабло Мачина шогирдлари сафар қилиб, еврокубоклар йўлланмаси учун тўғридан-тўғри рақиб «Вильярреал»ни енгди ва «сариқ субмариналар»га турнир жадвалида максимал даражада яқинлашиб олди. «Вильярреал»га қарши ўйинда чемпионат кашфиёти бўлган жамоада икки Кристиан - уругвайлик Стуани ва испаниялик Порту гол урди. Кристиан Стуани бу ўйиндаги голи орқали мавсумдаги голлари сонини 14тага етказди, Кристиан Португесни эса Испания терма жамоаси мураббийи Хулен Лопетеги кузатиб бормоқда, уни 2018 йилги жаҳон чемпионатида кўришимиз мумкин.

Тур ўйинлари
«Вильярреал» – «Жирона» – 0:2 (0:1).
Голлар: Стуани, 16 (0:1). Португес, 80 (0:2).
«Севилья» – «Атлетик» – 2:0 (2:0).
Голлар: Муриэль, 27 (1:0). Васкес, 32 (2:0).
«Леганес» – «Малага» – 2:0 (0:0).
Голлар: Эрасо, 55 (1:0). Амрабат, 62 (2:0).
«Депортиво» – «Эйбар» – 1:1 (1:1).
Голлар: Инуи, 11 (0:1). Андоне, 33 (1:1).
Четлатиш: Коваль (Д), 39.
«Реал» – «Хетафе» – 3:1 (2:0).
Голлар: Бэйл, 24 (1:0). Криштиану Роналду, 45+1 (2:0). Портильо, 65 – пенальти (2:1). Криштиану Роналду, 78 (3:1).
Четлатиш: Реми (Хетафе), 47.
«Леванте» – «Эспаньол» – 1:1 (0:0).
Голлар: Моралес, 55 – пенальти (1:0). Леу Баптистан, 90+1 (1:1).
«Барселона» – «Атлетико» – 1:0 (1:0).
Гол: Месси, 26.
«Барселона»: тер Штеген, Серхи Роберто, Пике, Юмтити, Жорди Альба, Бускетс, Ракитич, Иньеста (Андре Гомеш, 36), Филиппе Коутинью (Паулинью, 84), Месси, Луис Суарес. «Атлетико»: Облак, Врсалько (Корреа, 59), Хименес, Годин, Филипе Луис (Эрнандез, 74), Сауль, Партей, Габи (Гамейро, 66), Коке, Гризманн, Диего Коста.
«Реал Сосьедад» – «Алавес» – 2:1 (2:1).
Голлар: Морено, 6 (1:0). Ильярраменди, 11 (2:0). Педраса, 39 (2:1).
«Валенсия» – «Бетис» – 2:0 (1:0).
Голлар: Родриго, 23 (1:0). Дзадза, 47 (2:0).
«Сельта» – «Лас-Пальмас» – 2:1 (0:0).
Голлар: Жонни (62), Эрнандес (89) - Эрик Экпозито (53).
Турнир жадвали

Мавзуга оид
14:10 / 03.03.2024
Испанияда можаро, «Ливерпул»да ақл бовар қилмас якун. Европада кун ўйинлари
13:58 / 04.01.2024
«Реал» қийналди, «Жирона» яна ирода кўрсатди. Кун ўйинлари якунлари
02:02 / 03.05.2021
Ла Лига. «Барселона» сафарда «Валенсия» устидан ғалаба қозонди, Мессидан дубль
16:48 / 16.08.2019