Испания: мавсумнинг баҳсли ўйинларидан бири

«Валенсия» — «Реал» 2:2
Голлар: Дуро (27), Яремчук (30) — Винисиус (45+5, 76).
«Валенсия» – Мамардашвили, Фульке, Диакаби (Ўзкажар, 89), Москера, Гайя, Франсиско Перес (Петер Федерико, 73), Канос (Гилямон, 57), Пепелу, Герра (Амалла, 73), Яремчук (Диего Лопес, 57), Дуро.
«Реал» – Лунин, Карвахал, Рюдигер, Чуамени, Менди (Фран Гарсия, 72), Кроос (Модрич, 63), Валверде (Начо, 86), Камавинга (Ҳоселу, 72), Беллингҳэм, Винисиус, Родриго (Диас, 63).
Огоҳлантиришлар: Яремчук (4), Винисиус (72), Валверде (80), Диакаби (83), Хоселу (90+9).
Четлатиш: Беллинҳэм (90+9).

Испания чемпионатида мавсумдаги энг ақл бовар қилмас ўйинлардан бири бўлиб ўтди. Исталган жамоа охирги дақиқаларда ғалабани илиб кетиши мумкин эди, аммо ўйинда можароли дуранг қайд этилди.

Бир йилча олдин «Месталя»да ирқчилик можароси рўй бериб, Винисиус Жуниорни ҳақоратлаган фанатлар уни йиғлашга мажбур қилганди. Ўшанда айбдорлар жазосини олган, аммо форвард ва Карло Анчелоттининг бутун стадион манзилига қаратилган қатъий сўзлари ёдда қолганди. Шундай экан, шанба кунги ўйинда мадридликларга тинмасдан ҳуштакбозлик қилишди. Айниқса Винисиус ортида «кўршапалаклар» жамоасининг ашаддий фанатлари ўтирадиган дарвоза яқинида пеналтига умид қилиб йиқилганида ҳар қачонгидан қаттиқроқ ҳуштак чалишди.

Лекин футбол барчасини босиб кетди ва «Валенсия» яхши ўйин кўрсатди. Футболчилар яқинда икки қаватли уйда ёнғин чиқиб, инсонлар ўлими кузатилган шаҳар учун ўйнашди. Бу ҳодиса туфайли «Гранада»га қарши ўйинни қолдиришга ҳам тўғри келганди. Бу ўйинда эса максимал даражада иштиёққа эга бўлган мезбонлар Валверденинг рискли диагоналидан максимал натижа чиқариб олишди. Ҳимоячиларга ёрдамга қайтган Винисиус ўз жамоаси жарима майдони яқинида тўпни йўқотди, Уго Дуро эса Фран Переснинг муваффақиятсиз чиққан зарбасидан кейин тўпни дарвозага киритиб юборишни уддалади. Кўп ўтмай Карваҳал орқага тўп узатишда хатога йўл қўйиб, Яремчук яккама-якка вазиятга чиқиб кетишига сабабчи бўлди.

«Реал» эса одатдаги каби Винисиуснинг голидан кейин ўзига кела бошлади, бразилиялик ҳужумчи мезбонлар фан-сектори қаршисига келиб, қўлини мушт қилиб кўтарди. Табиийки, унинг бу жести дарҳол ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мавзу тушунарли ва ҳатто спортдан узоқ бўлган ресурслар ҳам бунга эътибор қаратди.