20:50 / 07.03.2018
17020

Криштиану тўхтовсиз гол урмоқда. Роналдунинг ЕЧЛдаги натижалари

Фото: Romain Perrocheau/Getty Images

Декабрь ойида Криштиану Роналду Чемпионлар лигаси рекордини ўрнатди – у турнирнинг гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда гол урди. Аммо «Реал» ҳужумчисининг самарадорлик кўрсаткичи ЕЧЛ плей-оффида ҳам давом этмоқда. Португалиялик футболчи 1/8 финалда «ПСЖ»га қарши ўйинларда 3та гол урди. Энди «Олтин тўп»нинг 5 карра соҳибида жорий мавсумдаги 8 ўйинда урилган 12 гол бор! Таққослаш учун, бу мавсумда «МЮ» ЕЧЛ ўйинларида 12та гол урди, «Севилья»да 12, «Барселона»да 10, «Рома»да 10, «Ювентус»да 9та гол.

Роналду турнирнинг аввалги мавсумларида «қаймоқранглилар» жамоаси учун қанчадан гол урган?

2009/10 йилги мавсум – 7 гол
«Реал»даги биринчи мавсумида португалиялик футболчи жамоа билан 1/8 финалгача етиб борган, шу босқичда мадридликлар икки учрашув натижасига кўра «Лион»га мағлуб бўлган. Роналду турнирнинг ўша мавсумида фақат 6 ўйинда қатнашган (икки ўйинни у товонидаги жароҳат туфайли ўтказиб юборганди) ва жами 7 гол урган. У гуруҳ босқичида «Марсель»га икки марта дубль қайд этган «Цюрих» дарвозасини икки марта ишғол этган, еттинчи голни «Лион»га урган.

2010/11 йилги мавсум – 6 гол
Кейинги йили Криштиану Чемпионлар лигасида 12 ўйин ўтказди. «Реал» ярим финалга чиқди ва «Барселона»га дуч келди. Каталонлар жамоасига қарши ўйинларда у гол урмади, чорак финалда «Тоттенҳэм»га қарши ҳар икки ўйинда биттадан гол урди. Бундан ташқари у «Аякс»га иккита, «Милан» ва «Осер»га биттадан гол урганди.

2011/12 йилги мавсум – 10 гол
«Реал» ва Роналду яна ярим финалда тўхтатилди, бу сафар «Бавария» томонидан. Криштиану гуруҳ босқичида икки ўйинда қатнаша олмади. У 10 ўйинда 10та гол урди. Португалиялик футболчи бу ўйинларда 4 марта дублга эришди – «Лион», ЦСКА, АПОЭЛ ва «Бавария»га қарши ўйинларда. У шунингдек, «Аякс» ва ЦСКА билан бўлган ўйинларда биттадан гол урди.

2012/13 йилги мавсум – 12 гол
«Реал» яна Чемпионлар лигаси ярим финалида юришини тўхтатди, Юрген Клопп бошчилигидаги Дортмунднинг «Боруссия»си бу сафар мадридликлар йўлидан чиққанди. Роналду бу мавсумда ҳам ҳар ўйинда ўртача биттадан гол урганди. Гуруҳ босқичида у тўрт марта «Аякс» дарвозасини ишғол қилди (Амстердамда ҳет-трик ва Мадридда битта аниқ зарба), «Манчестер Сити» ва Дортмунднинг «Боруссия»сига биттадан гол урди. Плей-оффда Криштианудан унинг собиқ клуби «Манчестер Юнайтед» жабрланди (икки марта), у «Галатасарой»га (учта) ва Дортмунднинг «Боруссия»сига (битта) ҳам голлар урди.

2013/14 йилги мавсум – 17 гол
Роналдунинг Чемпионлар лигасидаги энг яхши мавсуми! 17 голни уриш учун унга 11 ўйин кифоя қилди. Португалиялик футболчи бу мавсумда «Реал» билан илк марта кубокни қўлга киритди, финалда «Атлетико» мағлуб этилди. Криштиану турнирни «Галатасарой» дарвозасига ҳет-трик қайд этиш билан бошлади, «Копенгаген» ва «Ювентус» дарвозаларига иккитадан гол урди. Иккинчи даврада, жавоб ўйинларида ҳам итальянлар ва данияликлар дарвозалари бир мартадан ишғол этилди. 1/8 финалда «Шальке»га қарши икки ўйинда ҳам дубль. Чорак финалда у Дортмунднинг «Боруссия»си дарвозасини бир марта ишғол этди, ярим финалда «Бавария» дарвозасига иккита гол урди, финалда мадридлик қўшнилар йирик ҳисобда мағлуб этилишини таъминлади.

2014/15 йилги мавсум – 10 гол
2015 йилда «қаймоқранглилар» ярим финалда «Ювентус» тўсиғидан ўта олмаганди. Криштиано 12 ўйинда 10 гол уришга эришган. У 1/8 финалда «Шальке»га қарши жавоб ўйинидагина дубль қайд этган, бошқа ўйинларда биттадан ортиқ гол урмаганди. Роналду «Шальке», «Базель», «Лудогорец», «Ливерпуль», яна «Базелю» ва «Лудогордец» ва ниҳоят, «Ювентус»га қарши Туринда ҳамда Мадридда кечган ўйинларда биттадан гол урган.

2015/16 йилги мавсум – 16 гол
Чемпионлар лигасида Роналду учун яна бир ажойиб мавсум, бу мавсумни финалда «Атлетико»га қарши ўйиндаги ғалаба безади. Португалиялик футболчи 12 ўйинда майдонга тушиб, бу ўйинларнинг 7тасида майдонни голсиз тарк этмади. У гуруҳ босқичида Мадридда «Мальмё»га қарши кечган ўйинда покер қайд этди, «Шахтёр» ва «Вольфсбург»га қарши уй ўйинларида 3тадан гол урди, «Мальмё» ва «Шахтёр»га қарши сафар ўйинларида дублларни нишонлади, бундан ташқари 1/8 финалда «Рома»га қарши ўйинда рақиб дарвозабонини ранжитди.

2016/17 йилги мавсум – 12 гол
Ўтган мавсумда Роналду 13 ўйинда 12 гол урган, «Реал» эса яна бир бора Европанинг энг кучли жамоаси бўлганди, финалда «Ювентус» йирик ҳисобда таслим этилган – 4:1. Финал ўйинида Криштиану Жанлуижи Буффон дарвозасига икки гол йўллаган. Унгача эса «Бавария»га чорак финалдаги икки ўйинда жами 5 гол урган (дубль ва ҳет-трик), ярим финалда «Атлетико» дарвозасини 3 бор аниқ нишонга олган. Қизиқ томони, у гуруҳ босқичида сермаҳсуллик кўрсатмаган, фақат «Спортинг» ва Дортмунднинг «Боруссия» жамоаларига биттадан гол урганди.

Роналду ҳисобида эндиликда Чемпионлар лигаси ўйинларида «Реал» учун урилган 102та гол мавжуд!

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top