Жаҳон чемпионатининг навбатдаги куни ҳам воқеаларга бой бўлди. Ўзбекистон турнирда илк ўйинини ўтказди ва илк голини урди, Гана Панамани сўнгги дақиқаларда урилган гол билан ранжитди, Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия миллий жамоаси Конгони ДР миллий жамоасини мағлуб этолмади, Англия ва Хорватия ўйинида эса ҳақиқий триллер кузатилди.

Ҳакамлар яна диққат марказида: илк бор аёл ҳакам ЖЧ ўйинига тайинланди, экспертлар эса Аргентина ва Жазоир учрашувида Шимон Марчиняк Лионел Мессини майдондан четлатмай, хато қилган деб ҳисобламоқда.

Португалияда йўқотиш

Португалия – Конго ДР 1:1
Голлар: Жоау Невеш, 6 (1:0). Висса, 45+5 (1:1)
Португалия:  Кошта, Араужу, Вейга, Нуну Мендеш (Семеду, 72), Жоау Канселу, Жоау Невеш, Витиня (Рамуш, 83), Бруну Фернандеш, Педру Нету (Леау, 72), Бернарду Силва (Консейсау, 46), Криштиану Роналду
Конго ДР: Мпаси-Нзау, Капуади, Туанзебе, Мбемба, Масуаку (Ж. Кайембе, 74), Ван-Биссака (Калулу, 85), Мутуссами, Э. Кайембе (Пикел, 74), Мукау (Садики, 57), Бакамбу (Банза, 85), Висса
Огоҳлантиришлар: Бернарду Силва, 13. Семеду, 88. Араужу, 90 – Мбемба, 32

Бир кун олдин Лионел Месси Жазоир дарвозасига ҳет-трик қайд этиб, Криштиануга чақириқ ташлаганди. Мухлислар унинг португалиялик азалий рақибидан жавоб кутишганди ва «Ан-Наср» форварди Африкадан келган камтарон жамоага қарши ўйинда бу вазифани уддалайдигандек кўринганди ҳам.

Ўйиннинг олтинчи дақиқасидаёқ 174 сантиметрлик Жоау Невеш Педру Нетунинг узатмасини бош билан голга айлантирганида бу фикр янада мустаҳкамланганди. Аммо шундан кейин португаллар ҳеч нарса ўйлаб топа олишмади. Бўлим охирида эса конголиклар ҳужумчиси Йоан Висса ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиннинг иккинчи бўлимида ҳам португалияликлар рақиб дарвозаси атрофида хавфли вазиятлар ярата олмади. Якунда ўйин 1:1 ҳисобидаги сенсацион дуранг билан якунланди.

Роналду эса йирик турнирларда қаторасига 10 ўйиндан буён гол ура олмаяпти. Opta Sports қайд этишича, бу унинг жаҳон ва Европа чемпионатларидаги антирекорд серияси ҳисобланади.

Турнирнинг энг яхши ўйини

Англия – Хорватия 4:2