Volkswagen рул ва тепкиларсиз “келажак” машинасини тақдим қилди
“Дизел можароси” Volkswagen концерни ривожланиш йўналишига кучли таъсир қилди – немислар электрокар яратишга киришиб кетдилар. Ҳар бир йирик моторшоуда VW компаниянинг келгуси моделлари ҳақида тасаввур берувчи электр прототипни намойиш қилиб келмоқда. Булардан биринчиси I.D. хэтчбеги бўлган. Кейин эса I.D. Buzz фургони, I.D. Crozz кроссовери бўлган, энди эса навбат I.D. Vizzion деб аталувчи седанга етиб келди. Қуйидаги бу машина ҳақида маълумотлар бериб ўтамиз.
Volkswagen компанияси I.D. Vizzion’ни Phaeton каби премиал седан деб атайди. Прототип ҳақиқатан катта чиққан: унинг узунлиги 5163 ммни, эни 1947 ммни, баландлиги 1506 ммни ташкил қилади. Концепт-карнинг ғилдираклар базаси 3100 мм.
Машина тўлиқ электр куч қурилмаси билан жиҳозланган, у ҳар бир ўқда жойлашган иккита двигателдан иборат. Олдинги ўқдаги двигателнинг қуввати 75 кВт, орқадагиники 150 кВт ни, умумий қувват эса 225 кВтни ташкил қилади, бу эса 306 от кучига тенг деганидир.
Моторлар полга ўрнатилган 111 кВт-соат сиғимга эга литий-ион аккумуляторлар блокидан қувватланади. Бу жуда кўпдир: машина бир қувватланишда 665 км юра олади. Батареяларни ҳам розеткадан, ҳам индукцион равишда қувватлаш мумкин.
Машина жойидан 100 км/соат тезликка 6,3 сонияда эришади, максимал тезлиги 180 км/соатни ташкил қилади. Бироқ бу кўрсаткичлар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, чунки у тўлиқ автономдир.
Компанияда таъкидланишича, I.D. Vizzion 5-даражали автономликка эга. Бу эса седанга ҳаракатланиш учун умуман одам керак эмаслигини англатади. Умуман. Мана нима учун машина ичида тепки, рул ёки одатдаги бошқарув органларини учратмайсиз.
I.D. Vizzion камералар, ультратовушли датчиклар, радар ва лазер сканерлардан олинган маълумотлар ёрдамида ҳаракатланади. Бундан ташқари, прототип йўл инфратузилмаси объектлари ва ҳаракатнинг бошқа иштирокчилари билан маълумотлар алмашина олади. Ва ниҳоят, у йўлдаги вазият ҳақидаги маълумотларни булутли хизматлар орқали била олади.
I.D. Vizzion салонининг олд ва орқа қисмида фақат иккита бошқарув органи бор ва улар фавқулодда вазиятда автомобилни тўхтатиш учун мўлжалланган. Машинанинг қолган тизимлари овоз ёки имо-ишора билан бошқарилади.
I.D. Vizzion йўловчилари салондаги кайфиятни аввалдан ўрнатилган вариантлар ёрдамида ўзгартиришлари мумкин. Мисол учун, ёруғланишни ўзгартириш ёки бирор мусиқани танлаш. Бундан ташқари, тизимда болалар учун таълим берувчи тизим бор. У ёқилганда, мисол учун, сайёраларнинг Қуёш тизимидаги жойлашуви ва бошқа фойдали маълумотлар кўрсатилади.
I.D. Vizzion тўлиқ ёруғлик-диодли оптика, шаффофлик даражаси ўзгарувчи ойналар, чарм ўриндиқлар, табиий ёғочдан ишланган безаклар, қарама-қарши томонга очилувчи эшиклар билан жиҳозланган. Бундай машинани эртагаёқ кутиш ярамайди, бироқ Volkswagen бу машинаси билан келажакдаги автомобиллари қандай бўлишига ишора қилиб қўйди.
Мавзуга оид
20:31 / 13.11.2024
Volkswagen Tesla’нинг рақобатчиси билан 5,8 млрд долларлик битим имзолади
22:16 / 28.10.2024
Volkswagen Германиядаги камида учта заводини ёпади
08:30 / 26.09.2024
VW касаба уюшмаси билан иш ҳақи ва қисқартиришлар бўйича келиша олмади
13:49 / 05.09.2024