Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўзининг бой тарихини, миллий қадриятларини ўрганишга янада эътибор қаратди, уларни жаҳон ҳамжамиятига янада яқиндан таништириш мақсадида мамлакат ҳудудида жойлашган тарихий обидаларни тиклашга, тарихий шахсларнинг ҳаёт ва ижод йўллари янада чуқур ўрганишга киришилди.

Жумладан, соҳибқирон Амир Темур билан боғлиқ тарихий ҳақиқатлар, ҳамонки, нафақат ўзбекистонлик, балки дунё олимларини ҳам қизиқтириб келмоқда. Амир Темур сиймоси билан чамбарчас боғланган турли афсоналар, бугун реал ҳаётда ўз ҳақиқатини топмоқда. Ана шундай тарихий жумбоқлардан бири Соҳибқироннинг ўз она ватани Кеш шаҳрида ўзи учун қурдирган даҳмасидир. Аммо Амир Темур вафотидан кейин у ерга дафн этилмаган? Хўш, нега?

Мақбаранинг қурилиши

Маълумотларга кўра, Амир Темур Шаҳрисабзда бўлиб турган кезларида меъмор ва муҳандисларни чақиртириб, ўғли Жаҳонгир Мирзо мақбарасидан ўттиз-қирқ қадам нарида ўзи учун мўлжалланган мақбара лойиҳасини тайёрлашни буюради, лойиҳа бўйича ўз кўрсатма ва маслаҳатларини беради. Лойиҳа тайёр бўлгач, уни кўздан кечирган Соҳибқирон тегишли ўзгартиришлар ҳам киритиб, мақбара қурилишини дарҳол бошлашга амру-фармон беради. Қурилиш ишлари 1394 йилда бошланади.

Буюк саркарда ҳарбий юришлардан қайтишда, албатта, Шаҳрисабзга кириб ўтиб, мақбара қурилиши боришидан хабардор бўлиб туради. Аммо кўркамликда шаҳардаги бошқа маҳобатли бинолардан қолишмайдиган мақбара битмай қолади. Бунинг устига Хитойга юриш қилган саркарданинг тўсатдан соғлиғи ёмонлашиб, ўша юриш пайтида вафот этади. Унинг жасадини шошилинч равишда Самарқандга олиб келишади.

Нега Самарқанд, Шаҳрисабз эмас?

Амир Темур нега ўзи учун қурдирган сағана қолиб, Самарқандда набираси – Муҳаммад Султон ётган мақбарага дафн этилди? Бунга бир неча сабаблар бўлган бўлиши мумкин.

Биринчидан, Сохибқирон вафот этгач, олти кундан кейин тупроққа қўйилди, беш куни эса Ўтрордан пойтахтгача йўл босишга кетди. Ўша  йил қиш қаттиқ келди. Тахтиқорача довонини ҳам қалин қор босган эди. Бундай шароитда Соҳибқироннинг жасади қўйилган тобутни Шаҳрисабзга элтиш учун яна бир-икки кун зарур эди. Ислом шариати эса маййитни тезроқ қабрга қўйишни тақозо қиларди. Буларга қўшимча Шарафиддин Али Яздийнинг душманлар хабар топмасинлар деб Соҳибқироннинг вафот этганлигини яширдилар, деб ёзганини ҳам яна бир бор эслаш керак. Амир Темурнинг жасадини шунча узоқ йўлдан изғиринли қиш шароитида Самарқандга олиб келиш ва дафн қилишгача бўлган барча ишлар ўта махфий қилинганлиги сабаби ҳам шундан бўлса ажаб эмас.