Ўзбекистон | 19:05 / 11.03.2018
29081
3 дақиқада ўқилади

Самарқандга Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокимидан совға келди

Кейинги кунларда ўзбек ва тожик халқлари ўртасида кузатилаётган яқин қўшниликка асосланган ҳамкорликни нафақат икки мамлакат аҳли, балки бутун дунё катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда.

Хусусан, 1 март куни Самарқанд вилоятининг «Жартепа», Сўғд вилоятининг «Саразм» ўтказиш пунктлари ўз ишини тиклади. Самарқанд – Панжакент оралиғида А-377 халқаро автомобиль йўли яна очилди.

7 март куни Самарқанд шаҳрида икки халқнинг буюк вакиллари – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ёдгорлик ўрнатилди.

Шу куни «Жартепа» ўтказиш пунктида давлатимиз раҳбарининг Тожикистоннинг Сўғд вилоятига совғаси – Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган автобус топширилди.

10 март куни эса Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевга «Саразм»-«Жартепа» ўтказиш пункти орқали қимматбаҳо совға юборди. Бу ҳақда Кун.уз’га Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ва Сўғд вилоятининг Панжакент шаҳри ҳокимликлари вакиллари икки халқ ўртасидаги муносабатлар кун сайин мустаҳкамланиб бораётгани, янги давр талаблари асосида ривожланаётганини эътироф этишди. Мамлакатларимизни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар боғлаб тургани, бу икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичиб, қариндошлик ришталари билан боғлангани яна бир бор тилга олинди.

— Президентимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат натижасида чегарадош мамлакатлар билан дўстона алоқалар тикланди, — дейди Ғўс маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Тўйчи Облоқулов. — Айниқса, Тожикистон билан муносабатлар йўлга қўйилгач, икки мамлакатнинг минглаб фуқаролари юзида, кўзида қувонч порлади. Масофа яқин бўлсада, борди-келдимиз тўхтаб қолган эди. Мана шундай имкониятни яратиб берган икки давлат раҳбарларига самимий раҳмат айтамиз.

— «Жартепа» ва «Саразм» ўтказиш пунктларида икки давлат вакиллари ўртасида дўстона учрашувлар тез-тез бўлиб ўтмоқда, — дейди Ургут туманидаги 93-умумтаълим мактаби ёшлар иттифоқи етакчиси Гулмира Турсунова. — Бугунги маросимни ҳам биз, ёшлар қизиқиш билан кузатиб, катта таассурот олдик. Бу икки давлат ўртасида дўстона алоқаларнинг тобора мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолатдир. Бундай тадбирлар ҳар бир йигит-қизнинг онгу-шуурида бир умрга муҳрланиб қолади.

Фото: Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

 

Мавзуга оид