Иқтисодиёт | 23:00 / 14.03.2018
6721
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ: Ўзбекистон ЯИМ 5 фоиз ўсишда давом этади

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 2018-2019 йилларда 5 фоиз атрофида бўлишини прогнозлаштирмоқда. Бу ҳақда жамғарма вакили Альберт Егер 14 март куни ташкил этилган матбуот брифингида маълумот берди.
Жорий йилнинг 27 февраль кунидан то 12 мартгача Ўзбекистон Республикасида амалий ташриф бўлган жаноб Егер вазирлик, идора ва ташкилотларнинг турли даражадаги ​раҳбар ҳамда ходимлари билан учрашди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, жаноб Егер Ўзбекистон иқтисодиёти асосан қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш соҳасидаги жадал ўзгаришлар эвазига ўсишини назарда тутган.

Альберт Егер / Фото: Халқаро Пресс клуб

«ХВЖ доимо аъзо давлатларга турли тавсиялар тайёрлаб беради. Ташкилот уставининг 4-моддасига кўра, иқтисодий вазият мутахассислар томонидан таҳлил этилгач, эҳтимолий шартлар ишлаб чиқилади», деб фикр билдирди Альберт Егер.

ХВЖнинг Ўзбекистонга ташриф буюрган мониторинг гуруҳи вакили «мамлакатда инфляция жараёнига» баҳо берди.

«Ўйлашимча, инфляция суръатлари аввалги даврга таққослаганда анча ижобий кўрсаткични билдирмоқда. ХВЖ тан олган метод ва механизм бўйича таҳлил этсак, инфляция кўрсаткичи 20 фоизга яқинлашиб бўлганди. Иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар рақамларга ҳам таъсирини ўтказмоқда. Аммо, бунинг бир ижобий томони бор: аввал инфляция салбий омиллар таъсирида ўсиб кетарди. Эндиликда ислоҳотлар ва ижобий омиллар таъсирида инфляция пайдо бўлган. Буларнинг бари вақтинча, деб биламан», дейди у.

Эслатиб ўтамиз, ташкилот 2017 йил октябр ойида эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистондаги инфляция кўрсаткичи 12,7 бўлганини билдирганди. Келаси йилда ЯИМ ўсиш суръати эса 6 фоиз бўлиши тахмин қилинган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид