14 март куни Халқаро Пресс клубда тўй, марака маросимлари мавзусига доир навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Унда бир аср аввал жадидлар ҳам омма фикрини мазкур муаммога қаратишга урингани, бугунги кунда бу муаммо янада долзарб тус олгани хусусида фикрлар айтилди.
Спикерлар ҳамда модератор Шерзодхон Қудратхўжаев ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, муаммо ечимини топишга уринишди. Айниқса, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон Исмоиловнинг Ислом динида исрофгарчилик қораланиши, унинг оқибатлари, исроф қилувчиларни Аллоҳ ҳам севмаслиги, яъни исроф қилувчилар ҳалок қилиниши ҳақида Қуръони каримдан оятлар билан асослаган фикри таъсирчан чиқди.
Унда иштирок этган барча, дабдабабозлик, кибр-риё, кимўзарга айланиб қолаётган тўйларни ихчамлаштириш борасида ўз фикрларини, таклифларини илгари сурди. Халқ тақиққа ўрганиб қолган экан, тўйларни ихчамлаштириш, тўкин-сочин тўй ўтказишни тақиқлаш мақсадга мувофиқ экани, бу иш юқоридан бошланаётгани тўғри бўлаётгани, Сенат томонидан ишлаб чиқилаётган Низом айни муддао бўлишини таъкидланди.
Мен шу ўринда, ХПКда айтолмаган (имкон ва вақт бўлмади) мулоҳазаларимни айтишга қарор қилдим. Албатта, сессияда жаранглаган барча фикрларни эътироф этиш жоиз. Уларнинг барчаси муаммони ижобий томондан ҳал этишга қаратилган. Спикерлар ва сўз имкони берилганлар муаммонинг сабабини топишга ҳаракат қилишди. Тўй-ҳашамга ўзимиз сабабчи эканимиз ёки масала тарбияда экани ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратилди. Аммо айни ўша муаммоларнинг асосий негизини айтишга, наздимда кўпчилик эътибор бермади, айтмоқчи бўлганларда журъат етишмади.
Биринчидан, барчамизга яхши маълумки, кўп миллатли Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти Ислом динига эътиқод қилувчилар, мусулмонлардир. Қолаверса, ўзбек ота-онаси борки, фарзандининг камолини кўргиси, яхши жой билан қуда-анда бўлиб, чиройли тўй бергиси келади. Аммо айни шу орзу-ҳавас масаласида ҳаддан ошмаслик, исроф қилмаслик борасида айнан ўзлари эътиқод қилувчи муқаддас динлари нима дейишини яхши англамасликлари ёки билмасликлари сабабли биз ҳозирда тўй-маросимларни ихчамлаштириш муаммосини давлат сиёсати даражасида муҳокама қилмоқдамиз.
«Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир», деган эди Абдулла Авлоний. Афсуслар бўлсинки, дунё давлатлари, бошқа мамлакатлар технологик тараққиётга эришган бугунги кунда, биз ҳамон 100 йил аввалги муаммо, тарбия масаласини аниқ йўлга қўя олмаганимиз туфайли, 100 йил аввалги муаммони кун тартибига чиқармоқдамиз. Шуни таъкидлашни истардимки, наздимда, бугунги кунда тақсимланганидек, тарбиянинг диний-дунёвийлиги бўлмайди. Аксинча, иккисини, яъни диний ва дунёвий таълимни мувофиқлаштириш ҳамда бирлаштириш орқали юксак натижаларга эришиш мумкин бўлади. Буни айнан бизнинг юртимиздан, Ислом диёрларидан чиққан, дунё фанининг тамал тошини қўйган олиму фузалоларимиз исботлаб бўлишган.















