ИНТЕРВЬЮ | 23:58 / 16.03.2018
12895
9 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов Буюк Ипак йўли бренди, туризмдаги замонавий тенденциялар ва янги туристик маҳсулотлар ҳақида

Фото: Хабар 24

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Остона шаҳрида Ўзбекистон-Қозоғистон туристик форуми ва бошқа қатор тадбирларда иштирок этди. KUN.UZ ўз янгиликларида туризм соҳасида амалга оширилаётган хабарлар, жумладан Қозоғистон билан ҳамкорликка доир режалар билан тизимли равишда таништириб келмоқда.

Қозоғистоннинг "Хабар 24" телеканалида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдуҳакимов билан кечган интервью тақдим этилди.

Азиз Абдуҳакимов: Биз "Қозоқтуризм"даги ҳамкасбларимиз билан анчадан буён ҳамкорлик қилиб келамиз. Сўнгги бир ярим йилда эса бизнинг "Қозоқтуризм" ва Туризм саноати қўмитаси билан алоқаларимиз янада фаоллашди. Бу бежиз эмас. Ўзингизга маълумки, бугун Ўзбекистон минтақавий қўшнилари билан яқинлашиш борасида жуда фаол сиёсат олиб бормоқда. Энди эса биз ўзаро хабарлашган ҳолда, саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, ривожланиш имконига эгамиз.

Мавзуга оид: Қозоғистонда Ўзбекистон туризми йилини ўтказишга доир ҳужжат имзоланди

Мавзуга оид: Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида мультитурлар йўлга қўйилади

Ўйлайманки, туризм ҳам бу ўринда энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Бунда икки томонлама қатновларни ривожлантириш - Қозоғистон фуқаролари - Ўзбекистонга, Ўзбекистон фуқаролари эса Қозоғистонга ташриф буюриши билан бирга, учинчи мамлакатлардан сайёҳларни жалб қилиш ҳам катта аҳамиятга эга. Бу борада биз бутун дунёга машҳур кучли брендга эгамиз - Буюк Ипак йўли. Раҳбарларимизнинг учрашувларида ҳам туристик идоралардаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ҳақида бир неча марта айтилди. Шу муносабат билан "Буюк Ипак йўли" брендини ҳамкорликда илгари суриш  ниятидамиз.

Мавзуга оид: Қозоғистоннинг марказий шаҳарларида Ўзбекистонга саёҳат қилишга чорловчи баннерлар ўрнатилмоқда

Мавзуга оид: "Ипак йўли" виза режими йўлга қўйилиши кутилмоқда

Бизнинг минтақага саёҳат қиладиган салоҳиятли сайёҳ нафақат Самарқанд, Бухоро, Хива (яъни Буюк Ипак йўли ўтган шаҳарларни)ни, балки Қозоғистон ҳудудидаги чуқур маданият ва тарих билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлади. Салоҳиятли сайёҳларни Туркистондаги тарихий масканлар ҳам қизиқтиради. Ўйлашимча, бу йўналишда сайёҳлар учун қизиқ пакетларни ташкиллаштириш мумкин.

Фото: 24 Хабар

- Ҳозир бу музокаралар босқичидами ёки унга доир қандайдир ҳужжатлар борми? Илк қадамлар қандай бўлиши кўзда тутилмоқда?

Азиз Абдуҳакимов: Биз ҳамкасбларимиз билан энг аввало туристик маҳсулотларни ишлаб чиқа бошладик. Қандай қилиб бир пакетнинг ўзида ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистонга бориш имконини тақдим этувчи туристик пакетларни ишлаб чиқиш мумкинлиги кўриб чиқилмоқда. Айтиш мумкинки, ҳозирнинг ўзиданоқ чет эллик сайёҳлардан бундай туристик маҳсулотларга катта қизиқишни ҳис қилмоқдамиз. Бу йўналишда муайян келишувлар мавжуд, икки мамлакат туристик компаниялари шу масала устида ишлашмоқда. Шу муносабат билан транспорт логистикаси, ягона банд қилиш тизими, қўшма чегирмалар тақдим этиш имконияти интеграция қилинмоқда.

- Иқтисодий даромадлар масаласи қандай кечади?

Азиз Абдуҳакимов: Албатта, бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз мамлакатларимиз иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган. Туристик соҳада биз рақиб эмасмиз, биз ноёб лойиҳаларни тақдим этамиз. Бу Ўзбекистоннинг чуқур меъморий-тарихий мероси билан бирга, Қозоғистоннинг ўзига хос диққатга сазовор масканлари ҳамдир. Сайёҳнинг фақат Ўзбекистон ё фақат Қозоғистонга келиши - бир масала, лекин у Ипак йўли бўйлаб комбинацияли турни амалга ошираётган бўлса, албатта, мамлакатлар бундан кўпроқ даромад олади.

Буларнинг бари иқтисодиёт ривожи, янги ишчи ўринлари, қўшимча миллий даромадлар учун ишлайди. Бугун Ўзбекистонда туризм ривожига стратегик йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Иқтисодиётимиз катта имкониятларга эга. Жаҳон миқёсида ҳам ЯИМнинг 10 фоизини айнан туризмдан тушувчи даромадлар ташкил қилади. Бизнинг мамлакатларимиз ҳозирча бундай кўрсаткичлардан йироқ. Шундай экан, олдинда қилинадиган ишлар талайгина. Биз бу йўналишда  бирлашишимиз керак - биз бу борада нафақат қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқдик, балки Қирғизистон ва Тожикистоннинг туристик идоралари билан ҳам муносабатларни фаоллаштирдик.

Умуман олганда, бу йўналишда режаларимиз жуда катта. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган экан, унинг интегратор бўлиши табиий. Қозоғистон ҳам катта мамлакат сифатида бу ғояни қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Туризм - икки мамлакат ҳамкорлик қиладиган ягона соҳа эмас. Куни кеча Ўзбекистондан катта делегация ташриф буюриб, барча соҳаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

- Рақамлаштириш асрида технологиялар туризм соҳасини ҳам четлаб ўтмайди. Смарт-туризм ҳақида нима дея оласиз?

Азиз Абдуҳакимов: Бугун сайёҳлар уларга сифатли хизмат кўрсатилишига ўрганишган. Кўп сайёҳат қиладиган кишилар муайян хизматлар тўпламига кўниккан бўлади. Ўзбекистонда смарт-туризм платформаси устида фаол иш олиб бормоқдамиз. Унда турли IT-компаниялар томонидан кўрсатилувчи хизматлар ягона платформага бирлаштирилган. Бу нимани билдиради? Сайёҳ мазкур электрон сервислардан бирига кириб, қолган хизматлардан ҳам фойдаланиш имконига эга бўлади.

Масалан, UzbekistanPass катта дисконт тизимида QR-кодлар ёрдамида барча тарихий обидалар ҳақида 12 тилда маълумот олиш ёки бирор ресторандан жой буюртма қилиш имконини тақдим этувчи Stolik.uz хизмати, ё бўлмаса темир йўл ҳамда авиачипталарга буюртма бериш, ёхуд Ўзбекистоннинг у ёки бу масканида бўлаётган маданий ва кўнгилочар тадбирлар ҳақида маълумотлар олиш  хизматлари ва бошқалар.

Бу борадаги тажрибамиз  қозоғистонлик ҳамкасбларимизда катта қизиқиш уйғотди ва биз бундай технологияларни улар билан бирга ривожлантиришга келишдик.

- Мамлакатларимиздаги туризмнинг тўлақонли  ривожи учун нима халақит бермоқда?

Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам туризмни ривожлантириш учун жуда кўп ишлар қилиниши керак. Бунинг учун туристик идоралар ҳаракат қилмоқда, ўзаро тажриба алмашмоқда. Биринчи муаммолардан бири - биз янги,  қизиқ туристик маҳсулотлар яратишимиз керак. фақат одатий маҳсулотлар билан чекланиб қолмасдан, янги йўналишларни ривожлантиришимиз керак.

Бизда кўплаб бошқа йўналишлар ҳам бор. Бу - этнотуризм, экотуризм, экстремал туризм, тоғ туризми ва бошқа ривожлантириш керак бўлган йўналишлар. Ҳозир биз меҳмон уйларини ривожлантиришга фаол киришдик. Бунга сабаб - кўплаб хорижий сайёҳлар меҳмонхоналарга жойлашсалар-да, бир кун оддий ўзбек оиласида яшаш - уларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари билан яқиндан танишиш, биргаликда миллий таомларни тайёрлаш, ҳунармандларнинг олдига бориб, қандайдир миллий сувенирларни ясаш жараёнида иштирок этишга қизиқишади.

Бугун туризмнинг ривожланиш тенденциялари ўзгарган. Улар нафақат кўркам тарихий обидаларни кўришни, балки маҳаллий халқ ҳаётида иштирок этиш истагини ҳам билдиришмоқда. Бу янги туристик маҳсулотларни ривожлантириш учун туртки беради.

Бугунги кунда, масалан, Европада мавзуий парклар жуда машҳур. Бунда сайёҳга 500-600 йил аввалги муҳитга тушиш имкони тақдим этилади. Масалан, улар учун Амир Темур ёки Жалолиддин Мангуберди қўшини сафида пайдо бўлиш, яъни ўша давр муҳитини ҳис қилиш, унда иштирок этиш жуда қизиқ. Бу жуда машаққатли, мураккаб ишларнинг амалга оширилишини талаб қилади. Бу борада бизнинг мамлакатларимиз бир-бирини ўзаро тўлдириб туради ва биз ҳозир сайёҳларни жалб қилиш бўйича ягона сиёсатни олиб бормоқчимиз.

Бундан ташқари, интервьюда Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорларига кўра, муайян давлат фуқароларига нисбатан виза режимининг бекор қилингани ва соддалаштирилгани қайд этиб ўтилди. Шунингдек бугунги кунда икки мамлакатда мавжуд муаммолар - инфратузилмалар, меҳмонхоналар қурилиши, санитар-гигеник вазият, бепул интернет тармоғига уланиш, йўл кўрсаткичлари каби муаммоларга тўхталиб ўтилди.

Суҳбат сўнггида Азиз Абдуҳакимов Қозоғистон аҳлини Наврўз байрамини нишонлаш учун Ўзбекистонга таклиф қилди ва бундан кейин икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Мавзуга оид