Мудофаа вазирлиги Буюк Британия билан ҳамкорликни йўлга қўйди
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан билан учрашув ўтказди.
Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Кристофер Аллан томонидан охирги йилларда икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик йўналишларида ўсиш суръатлари ортиб бораётгани таъкидланди. Меҳмонлар Афғонистонда жойлашган Буюк Британия қуролли кучларига юкларни транзит билан олиб ўтилиши масалаларида яқиндан кўмак берилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига алоҳида миннатдорчилигини изҳор этишди.
Буюк Британия вакиллари томонидан шу йилнинг январь ойида имзоланган Мудофаа вазирликлар ўртасидаги икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мамлакатлар ўртасида халқаро ҳамкорликнинг асосини ташкил этиши таъкидланди. Режада ҳарбий ҳамкорликнинг турли масалаларида тажриба алмашиш, Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг Британиядаги олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олиши, Ўзбекистондаги ҳарбий таълим муассасаларида машғулот жараёнларига британиялик ҳарбий мутахассисларнинг жалб этилиши, ҳарбий тиббиёт йўналишида тажриба алмашиш, шунингдек ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари ва тренингларни ўтказиш кўзда тутилган.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Буюк Британия Бирлашган Қироллиги ва Шимолий Ирландия ўртасида мудофаа соҳасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди. Мазкур келишув икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий таълим, ҳарбий кадрлар тайёрлаш, инглиз тилини мукаммал ўргатиш, ҳамкорликдаги тренингларни ўтказиш, ўзбекистонлик ҳарбийларнинг Британия қуролли кучлари томонидан ўтказиладиган турли ўқув машғулотларида кузатувчи сифатида иштирок этишида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатишни ўз ичига олади.
Учрашув давомида Кристофер Аллан Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг Сандхерстдаги Қироллик ҳарбий академияси ва бошқа Британиядаги нуфузли ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олишида Британия томони ҳамкорлик кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Шунингдек, К.Аллан ўтган йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоасининг “Кембрия патрули” халқаро мусобақасидаги муваффақиятли иштирокини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 10-17 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида бўлиб ўтган “Кембрия патрули” халқаро танловида Ўзбекистон вакиллари ҳам муносиб иштирок этишди.
Қарийб 40 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Кембрия патрули” танлови энг қийин ва нуфузли мусобақалар сирасига киради. 2017 йилда унда 29 мамлакатдан 139 та жамоа қатнашган.
Танловнинг якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшин разведкачиларидан иборат жамоа, биринчи бор мусобақада иштирок этишига қарамай, фахрли иккинчи ўринни қўлга кирита олганини фахр билан таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшин разведкачиларининг 2017 йилда бу муваффақияти биринчиси эмас эди. Ундан олдин улар ўтган йилнинг 29 июль – 12 август кунлари Новосибирск шаҳрида (Россия) бўлиб ўтган III Халқаро армия ўйинлари дастуридан ўрин олган “Қўшин разведкаси аълочилари” танловида (Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикасидан кейин) учинчи ўринга сазовор бўлишган.
Мавзуга оид
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
18:15 / 12.11.2024
Буюк Британия мудофаа эҳтиёжлари учун ядровий ёқилғи ишлаб чиқаришни қайта тиклаши мумкин
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
00:46 / 10.11.2024